21:12 / 25.05.2017
15530

Тошкент шаҳрида фирибгарлик жинояти авж олмоқда

Тошкент шаҳри ички ишлар идоралари бир ҳафтада 26та жиноятни “иссиқ изи”дан фош этди. 2017 йилнинг май ойининг 25-санасига қадар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси соҳавий хизматлари томонидан олиб борилган тезкор тергов тадбирлар натижасида 91та жиноят иссиқ изидан фош этилди.

Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилинишича, йил бошидан 943 нафар, ой бошидан 133 нафар, шундан ҳафта давомида 36 нафар қидирувда бўлган жиноятчилар ушланган. 

Бундан ташқари, йил бошидан 299 нафар шахс бедарак йўқолган сифатида рўйхатга олинган бўлиб, тезкор-қидирув тадбирлар натижасида уларнинг 226 нафари, ой бошидан 16 нафари, ҳафта давомида эса 5 нафари аниқланиб яшаш жойларига кайтарилган. 

Шу билан бир қаторда, 2017 йилнинг 4 ойи 20 куни давомида барча йўналишлардаги жиноятлар 605 тага, (11 фоиздан ортиқроқ), жумладан, шахсга қаратилган жиноятлар, яъни қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш каби жиноятлар камайгани билан бир қаторда, фирибгарлик жинояти 186 тага ошганлиги кузатилди.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси шаҳарликлар ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари фуқароларини ҳар бир моддий олди-берди, қарз олди-бердисини қандай миқдорда ва ким билан амалга оширилаётганидан қатъиназар далил билан қайд этишни тавсия қилади. 

Top