09:06 / 25.05.2017
5918

WannaCry вируси ҳужумидан кўрилган зарар 1 млрд доллардан ошиб кетди

Фото: EPA/RITCHIE B. TONGO

Бутун дунё бўйлаб Windows операцион тизимига эга компьютерларга WannaCry вируси билан амалга оширилган ҳужум 1 млрд доллардан кўпроқ зарарга олиб келди. Бу ҳақда америкалик мутахассисларга иқтибос келтирган ҳолда McClatchy ахборот хизмати маълум қилди

Мутахассисларнинг фикрича, 12 май куни бошланган киберҳужум оқибатида бир ҳафтадан камроқ вақт ичида камида 150 та давлатдаги 300 мингтагача компьютер зарарланган. Мутахассислар келгусида ҳам шунга ўхшаш ҳужумлар содир этилиши мумкинлигини айтишмоқда. "WannaCry томондан илк 4 кунда етказилган тахминий зарар бутун дунё бўйлаб йирик ташкилотларда ишлаб чиқаришнинг катта кўламда тўхтаб қолиши ҳисобга олинганда 1 млрд доллардан ошиб кетди", деб айтди KnowBe4 компанияси раҳбари Стью Сьюверман. У ўз таҳлилига ишлаб чиқаришнинг пасайиши, ташкилотлар ишидаги тўхташлар, суд экспертизалари, обрўга путур етказилиши ва бошқа омилларни киритган. 

Shadow Brokers тахаллуси остида яширинувчи хакерлар гуруҳи ўтган йили хакерлик ҳужуми учун қўлланилган дастурий таъминотни интернетга жойлаштиришган. Уларнинг айтишича, бу дастур АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлиги томондан яратилган. Мутахассисларнинг фикрича, сўнгра бу дастурга бир қатор ўзгартиришлар киритилиб, унинг яхшиланган WannaCry варианти пайдо қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 12 май куни ушбу вирус ёрдамида бутун дунё бўйлаб компьютерларга ҳужум қилинган. Зарарланган компьютерлардан блокировкани олиш учун хакерлар Bitcoin криптовалютасида муайян ҳисоб рақамига 600 доллар ўтказишни талаб қилишган ва агар фойдаланувчилар буни қилмасалар, компьютердаги бутун маълумотни ўчириш билан таҳдид қилишган.  

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, жиноятчиларнинг ҳисоб рақамларига 116,5 минг доллар ўтказилган.

Top