00:45 / 26.05.2017
6727

Брюсселда НАТОнинг янги бош қароргоҳи очилди

Фото: REUTERS

НАТОнинг Брюсселдаги янги бош қароргоҳи ташкилотга Бельгия томондан тантанали равишда топширилди. Бельгия 41 гектар майдонда жойлашган бинолар мажмуасини қуришни ўз зиммасига олган. Бироқ мажмуада ишлар ҳали ҳам давом этмоқда ва у ўз вазифасини тўлиқ бажаришга 2017 йил охирида тайёр бўлади. 

НАТО учун янги бош қароргоҳ куриш қарори 1999 йилдаёқ Вашингтондаги саммитда қабул қилинган, бироқ уни ҳаётга татбиқ қилиш чўзилиб кетганди. НАТОнинг 1967 йилда барпо этилган амалдаги бош қароргоҳи иштирокчилари сони 50 йил ичида деярли икки баробарга кўпайган альянснинг эҳтиёжларига анча йилдан бери жавоб бермай қўйганди. 250 минг квадрат метрлик мажмуада НАТОнинг 4 минг ходими ва миллий делегациялар аъзолари бемалол жойлаша оладилар.  

Мажмуа 8 та бир-бирини қисман қопловчи, ярим арка кўринишидаги бинолар кўринишида барпо этилган бўлиб, ташкилот аъзоларининг бирдамлигини ва НАТОнинг ўзгарувчан шароитларга мослаша олишини ифодалашга чорланган. 

Мажмуа дизайнерлари ғоясига кўра, бино ташқи томондан бир-бири билан чамбарчас боғланган икки қўл бармоқларини – бирдамлик рамзини эслатиши керак. Бинонинг қурилишига 1,1 млрд евродан кўпроқ маблағ сарфланган.

Маълум қилинишича, янги қароргоҳ юқори экологик стандартларга жавоб беради. Ойнаванд деворлар сунъий ёритишда тежашга имкон беради ва шу билан бирга яхши иссиқлик изоляциясини таъминлайди. Махсус идишларга йиғилувчи ёмғир сувлари мажмуанинг сувга бўлган эҳтиёжини 90 фоизга таъминлайди, бу йиғилган сув ҳожатхоналар ва ўтларни суғориш учун ишлатилади. Бино ернинг иссиқлик инерцияси принципи қўлланган ҳолда қишда иситилади, ёзда совитилади.

НАТОда янги бош қароргоҳдаги техник мосламалар ва энг юқори хавфсизлик стандартларига жавоб берувчи маълумотлар тўплаш маркази билан фахрланишади. Маълум қилинишича, 18 та музокаралар залида синхрон таржима ва видеоалоқа ускуналари жойлаштирилган. Яна 7 та залда виртуал анжуманлар ўтказиш мумкин бўлади.     

Бош қароргоҳнинг очилиши маросими НАТОга аъзо давлатлар ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳаво паради ва альянснинг бош қадриятлари – эркинлик ва бирдамликни ифодаловчи  икки монументнинг очилиши билан кечди: Германия канцлери Ангела Меркель ўзидан Берлин деворининг бир қисмини акс эттирувчи ва НАТОнинг совуқ уруш йилларида тинчликни сақлашга интилишини ифодаловчи ёдгорликни, АҚШ президенти Дональд Трамп эса АҚШда 2001 йил 11 сентябрда содир этилган терактлар қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорликни очди. 

Янги бош қароргоҳ Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳам немис, ҳам иттифоқдош давлатлар авиацияси томондан бомбардимон қилинган ҳарбий аэродром ўрнида қад ростлади. НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, қурилиш жараёнида 4 та портламай қолган бомба топилган собиқ жанг майдони НАТОга аъзо давлатлар ва улар ҳамкорларининг мулоқот ва ҳамкорлик майдонига айланиши керак.

Top