09:40 / 26.05.2017
6008

Тошкент вилоятида талончилик қилган икки дўст жавобгарликка тортилди

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддасига кўра, талончилик – ўзганинг мулкини ошкора талон-тарож қилиш ҳисобланади ва тегишли тартибда жазоланади.

Ёшлар ўртасида бу жиноятга қўл уриш кўп ҳолларда бошқаларга кўр-кўрона эргашиш, жиноий қилмишнинг оқибатини тўла англаб етмаслик ёки қасддан ушбу жиноятга қўл уриш каби ҳолатларда намоён бўлади. Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар қилишича, доимий равишда кўча-кўйда бемақсад юрадиган, майда безорилик содир этишга мойил ўсмир ва ёшлар томонидан ушбу турдаги жиноятлар кўп содир этилмоқда. 

Шундай талончилик жиноятларидан бири икки нафар оғайни – 1992 йилда туғилган Ж. М. ва 1996 йилда туғилган Б.Б. 2017 йил 25 апрель куни оқшом чоғи кўчанинг хилват жойида 1993 йилда туғилган С. Х.га ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, унинг 700 000 сўмлик “Самсунг галакси-3 мини” русумли қўл телефонини очиқдан-очиқ талон-тарож қилиб воқеа жойидан яширинишган.

Олиб борилган тезкор-тергов ишлари натижасида ушбу жиноятни содир этган Ж.М. ва Б.Б. ушланиб, Жиноят Кодексининг тегишли моддасига кўра, жавобгарликка тортилди.

Ачинарлиси, битта уяли телефонга ноқонуний эгалик қилиш истагида бўлган икки инсон келажагига путур етиб, уларга жиноятчи, деган тамға босилди. 

Top