13:25 / 26.05.2017
16238

Ўзбекистонлик қорилар таровиҳ ўқиш учун Россияга кетди

Ўзбекистонлик қорилар Рамазон ойи муносабати билан таровиҳ  намозларини ўқиши учун қўшни республикаларга юборилиши ўзига хос яхши анъанага айланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими маълумот беришича, бу йил ҳам ўтган йилларда бўлгани каби, бир неча қори Рамазон ойида таровиҳ намозларини ўқиб бериш учун Россия Федерациясига жўнаб кетган.

Россия мусулмонлари диний жамияти таклифига биноан, 26 май куни, эрта тонгда 6 нафар қори – Чилонзор тумани Бош имом-хатиби Абдукаримов Ҳусниддин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ходими Худойбердиев Фаррух, Дин ишлари бўйича қўмита Таълим бўлими ходими Ҳайдаров Миродил, Шайхонтоҳур тумани “Дорус-Салом” масжид ноиб-имоми Убайдуллаев Ислом, Чилонзор тумани “Қатортол” масжиди имом-хатиби Алимов Аброр ва Яшнобод тумани “Али ибн Абу Толиб” масжиди ноиб-имоми Мирсодиқов Нурилла каби қорилар Москва шаҳрига сафарбар этилган.

Қорилар муборак ой давомида Россия Федерацияси шаҳарларида мусулмонларга таровиҳ намозларида хатми Қуръон ўқиб беради.

Шунингдек, сафар давомида қорилар Россия Федерацияси шаҳарларида ташкил этиладиган диний маросимларда иштирок этишлари кутилмоқда.

Top