17:21 / 27.05.2017
6071

Сенатда ташқи ишлар вазирлиги фаолиятига доир масалалар муҳокама қилинди

2017 йилнинг 26 майида Олий Мажлис юқори палатасида Сенат қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг вазирликнинг мамлакат иқтисодиёти тармоғига ва минтақаларга хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, давлатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга доир фаолияти ҳақидаги ҳисоботи дастлабки тарзда тингланди.

Қўмита мажлиси ишида сенаторлар, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ташқи савдо ва туризмни ривожлантириш борасида фаолият юритаётган вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.

Ташқи ишлар вазири ҳамда вазир ўринбосарларининг чиқишларида вазирлик мутасадди бўлган йўналиш ва мамлакатларда олиб борилаётган фаолиятнинг батафсил таҳлили баён қилинди.

Сенаторлар ташқи ишлар вазирининг ҳисоботини Сенатнинг ялпи мажлисида эшитишдан олдин мамлакат бош ташқи сиёсий идораси фаолиятини чуқур ўрганиб чиқиб, уни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқдилар.

Мажлис давомида иштирокчилар ўзаро фаол фикр алмашдилар. Шу ўринда, сенаторлар ва мажлис иштирокчилари Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятидаги айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтиб, бу борада вазирлик фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни билдирдилар.

Шунингдек, мажлисда сенаторлар томонидан қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Top