10:57 / 28.05.2017
10855

Олимлар қандай об-ҳаво уйқуга салбий таъсир қилишини аниқлашди

Фото: © Fotolia / Yuri Arcurs

Сан-Диегодаги Калифорния университети олимлари тунги вақт ҳаво ҳароратининг кўтарилиши уйқуга салбий таъсир кўрсатишини аниқлашди. Уларнинг тадқиқотлари натижалари Science Advances журналида чоп этилди

Олимлардан бири Ник Обрадовичнинг айтишича, тадқиқотнинг ўтказилишига 2015 йил октябрда Сан-Диегода қайд қилинган ноодатий иссиқ ҳаво сабаб бўлган. Обрадович унинг ўзи ва ён-атрофидаги кўпчилик бу вақтда тўйиб ухлай олмасликдан азият чекканини пайқаган. Бу эса олимда тунги вақтдаги ҳарорат ўзгариши ва уйқу сифати ўртасида қандайдир боғлиқлик борлигини текшириш фикрини туғдирган.

Тадқиқот учун 2002 йилдан 2011 йилгача АҚШнинг 765 минг фуқароси иштирокидаги тиббий тадқиқотлар маълумотлари асос қилиб олинган. Олимлар синалувчилар томондан қайд қилинган етарлича ухлай олмаслик ҳолатлари ва ҳаво ҳарорати ҳақидаги маълумотларни таққослаб кўришган.

Натижада ҳароратнинг Цельсий бўйича 1 градусга кўтарилиши уйқунинг бузилишига олиб келиши аниқланган. Тунги вақт ҳарорат исишининг салбий таъсири ёз фаслида айниқса ўткирлашади. Олимларнинг қайд қилишича, моддий етишмовчиликка эга ҳамда 65 ёшдан катта инсонлар ҳарорат исиши оқибатида вужудга келадиган уйқусизликдан бошқаларга нисбатан кўпроқ азият чекадилар.

Top