11:02 / 29.05.2017
6465

Сурия кар-соқовлари уруш ибораларини ўрганмоқда

Дамашқнинг ихтисослаштирилган марказларидан бирида Риёд Хомс ва опаси Башар (уларнинг иккиси ҳам кар-соқов) ватанлари Сурияни вайрон қилган уруш хусусида суҳбатлашиш учун янги имо-ишораларни ўйлаб топишмоқда. Қуролли зиддият бошланганидан бери гапира олмайдиган ва эшита олмайдиганлар жойлардаги вазиятни муҳокама қилишлари ҳамда ўз ҳиссиётларини изҳор қилишлари учун янги имо-ишоралардан фойдаланишларига тўғри келмоқда. 

Ал Майдон мавзесидаги кар-соқовлар учун марказда Риёд ва Башар қўллайдиган янги иборалардан бири «ИШИД ташкилоти» бўлди. 

Марказ директорининг ўринбосари, 26 ёшли Васал Ал Ахдаб 2 марта номсиз бармоғини кўтариб (инглиз тилида «A» ҳарфини англатади), бош бармоғини кўрсаткич ҳамда ўрта бармоғи билан (инглиз тилида «S» ҳарфи) бирлаштиради. Бу инглиз тилида «ISIS» ёки арабчада «ИШИД»ни англатади. 

Агар икки бармоқ кафтга қўйилса, «ҳукумат»ни билдиради: яъни Сурия байроғидаги 2та юлдуз назарда тутилган бўлади. Кафтга 3та бармоқ қўйилса, мухолифатнинг байроғи тушунилади. Агар кафтлар билан кўзлар ёпилса, одамларни ўғирлаб кетишни тушуниш мумкин. 

Биотиббий инженерия соҳасида мукофотга сазовор бўлган Ал Ахдаб шундай дейди: «Биз Суриядаги кар-соқовлар билан мулоқот қилиш, юз бераётган зўравонликларга доир маълумотлар ёки ҳиссиётларни алмашишга имкон берадиган янги сўзларни топишимиз керак эди». Ушбу имо-ишоралар қабул қилинганидан сўнг, уларни суратга олиб Facebook ижтимоий тармоғидаги кар-соқовлар орасида кенг тарқалган махсус саҳифага жойлаштиришди. 

Марказ директори Али Икримнинг Agence France-Presse агентлигига маълум қилишича, гарчи уруш сурияликлар ҳаётида оғир асоратларни қолдирган бўлса-да, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами бундан икки карра кўпроқ азият чекди. Чунки, улар атрофида нималар юз бераётганини англай олишмайди. Расмий маълумотларга мувофиқ, Суриядаги кар-соқовлар 20 мингга яқин кишини ташкил этади. Бироқ, Икрим бу рақам аслида 5 баравар кўп бўлиши мумкинлигини айтади.

Янги сўз ва ибораларни тузишда иштирок этувчи 21 ёшли Риёднинг ҳикоя қилишича, уруш вақтида у катта фожиани бошидан кечирган. Унинг онаси, акаси ва синглиси шу урушда ҳалок бўлишди. У, шунингдек, холаси, тоғаси ва 3 нафар амакиваччаларидан айрилди. Уларни мерганлар унинг кўз ўнгида отиб ташлашди. Бу воқеалар улар юк машинасида мавзени тарк этишга уринаётганларида юз берди, аммо ўша вақтда Риёд нималар бўлаётганини тушунмаган. 

Кабел ишлаб чиқарувчи заводлардан бирида ишлайдиган яна бир гунг киши шундай давом этади: «Мен ҳеч нарсани эшитмаганим сабабли, атрофимда нима бўлаётганини тушунолмадим. Мен онам кўз ўнгимда йиқилганини кўрдим, ундан сўнг амакиваччаларим йиқилишди. Опамнинг боши сочилиб кетганидан кейингина бизни ўққа тутишганини англадим». 

Риёднинг кўрган азияти бу билан тугамади. Унинг яна бир укаси кўчада футбол ўйнаётган вақтда юз берган отишма қурбони бўлди. 

Ўзи билан юз берган фожиаларни унута олмаган ёш йигит хорижга кетишни орзу қилади: «Эҳтимол, у ерда яхшироқ иш топарман, деб ўйлайман».

Кар-соқовлар дуч келаётган яна бир қийинчиликлардан бири шаҳар назорат-ўтказув пунктларидаги ҳолатдир. Икримнинг изоҳ беришича, «улар ўзларини хизматчиларга нотаниш бўлган имо-ишораларда билдиришлари керак. Урушдан аввал, кар-соқовларнинг аксарияти шахсини тасдиқловчи ҳужжатларида ногирон эканликларини қайд этишларини хоҳламаган бўлса, эндиликда, ўзлари буни талаб қилишмоқда».

Риёднинг 32 ёшли опаси Башар шу каби тушунмовчиликлар сабабли мураккаб даврларни бошидан кечирган. У 2011 йили уйига қайтаётганида тузумга қарши норозилик намойиши ўтказаётган бир тўда одамлар орасида қолиб кетди. Хавфсизлик хизмати ходимлари эса уларни тарқатишга ҳаракат қилишаётган эди.

Башарниинг айтишича, у Ал Майдон мавзесининг кўчаларидан бирига қочишга уринган, бироқ уддасидан чиқа олмаган. «Менга ҳеч ким ёрдам бера олмади, чунки улар билан гаплаша олмас эдим. Вазият эса тобора чигаллашиб борарди». У сўроқ вақтида кар-соқовлигини зўрға тушунтира олди. Шундан бери Башарнинг кўчага чиқишга кучи етмайди.
 
Кунларнинг бирида артиллерия ҳужумидан сўнг, унинг уйи ойналари парча-парча бўлиб, поли вайрон бўлди. Ўшандан кейин оила Ливанга кўчиб, 2 йил мобайнида ўша ерда қолишди. Улар Дамашққа қайтишганида барчаси ўзгарганига гувоҳ бўлишди. Башарнинг чуқур қайғу билан айтишича, «уруш барчани тарқатиб юборди, хорижга кетган одамлар эса янги сўзлар ва иборалар ўйлаб топишди». Унинг дўстлари ўзгариб, агресссив бўлиб қолишган. 

Башарнинг суҳбат сўнггида: «Умид қиламанки, биз яна қачондир учрашамиз ва ўшанда кар-соқовлар умумий тил топиб олишган бўлади».

Top