11:46 / 29.05.2017
9146

Жиззахда суд қарорини бажармаган раҳбар жазоланди

Зомин тумани ҳокимининг қарори билан ташкил этилган “Zomin-agro-chorvachilik” агрофирмасига раҳбарлик қилиб келаётган Уммат Каримовнинг кўп ўтмай фикри бузилиб, ноқонуний йўллар билан моддий бойлик орттиришни мақсад қилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Вилоят хўжалик судининг ажримига кўра, мазкур агрофирманинг 7 млн. 645 минг сўмлик мол-мулкини “Жиззахнефтбаза” унитар корхонаси фойдасига ва 43 млн. 580 минг сўмлик мол-мулкини банк фойдасига ундириш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорларига масъулиятсизлик билан қаради.

Суд ижрочилари туман бўлими томонидан мазкур ҳал қилув қарорлари қонуний кучга киргунга қадар агрофирманинг мулки хатлаб қўйилди ва мол-мулкларни учинчи шахсга айирбошлаш тақиқланди. Янада аниқроқ айтганда, агрофирмага тегишли 4 гектар ердаги маккажўхори, 4 гектар ердаги полиз, 2 гектар ердаги кунжут ва 0,7 гектар майдондаги пиёз, умумий ҳисобда 39 млн. 980 минг сўмлик экинларга банд солинди. Хатланган бу мулк агрофирма раҳбарларига далолатнома асосида ишониб топширилди. Бироқ раҳбар шахсий манфаатини ўйлаб, юқорида кўрсатилган мол-мулкни талон-торож қилишга киришди.

Иш судга ошгач, у барча зарарни қоплаб берди. Лекин жиноят содир этилган эди. Суд ҳукми билан Уммат Каримов айбли, деб топилди ва икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилди.

Top