17:50 / 30.05.2017
4618

2017 йил 5 ойида Ўрта ер денгизида ҳалок бўлган қочқинлар сони маълум қилинди

2017 йил бошидан бери Ўрта ер денгизи орқали Европа мамлакатларига боришга уриниш чоғида 1,7 минг муҳожир ва қочқин ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Бу ҳақда, Женевада ташкил этилган брифингда БМТ қочоқлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармаси вакили Бабар Балох маълум қилди.

"2017 йил бошидан бери ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сони 1720 кишидан ошди", - деган Балох. 

Сўнгги бир ҳафта ичида Италиянинг Котоне, Палермо ва Катания портларига 50 кишининг жасади келтирилди. "Яна ўнлаб кишилар ўлгани ва бедарак йўқолганига доир хавотирлар бор", - деб таъкидлаган БМТ вакили. 

"Умрни сақлаш – энг асосий вазифа", - деган расмий вакил. БМТ ҚОКБ Италия соҳил қўриқлаш хизматининг денгиздаги муҳожирларни қутқариш бўйича кўраётган чораларини эътироф этар экан, "халқаро ёрдамга муҳтож инсонларнинг хавфли саёҳатларига чек қўйиш учун ишончли муқобил шароитлар барпо этиш"га чақирди. 

Маълумотларга кўра, йил бошидан Шимолий Африкадан Италияга 60 мингдан ортиқ муҳожир ва қочқинлар келган. Охирги бир ҳафтада 9,5 мингга яқин киши қутқарилган. 

Халқаро миграция ташкилотининг 30 май куни эълон қилган маълумотларига биноан, Италия, Греция, Испания ва Кипр биргаликда 69574 муҳожир ва қочқинни қабул қилган. 

Top