17:20 / 30.05.2017
5554

Google ҳаммуассиси дунёдаги энг катта дирижабль устида ишламоқда

Сергей Брин улкан ҳаво кемасини қураётганига оид гап-сўзлар анчадан бери болалаётган эди, лекин лойиҳага оид тафсилотлар эндигина пайдо бўлди. The Guardian маълумотларига кўра, Брин гуманитар миссияларни бажара олувчи ва бир вақтнинг ўзида Бриннинг қариндошлари ва дўстлари учун ўзига хос "ҳаво яхтаси" сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган улкан дирижаблни ишлаб чиқишга киришган.

Юк машиналари гуманитар ёрдамни етказиб бериши учун йўллар равон ва тўсиқсиз бўлиши керак, поезд ва самолётларда ҳам шундай - уларнинг барига қулай инфратузилма керак, дирижабль эса бу ишни махсус қўниш майдонларисиз ҳам амалга ошира олади. Бундан ташқари, у узоқ вақт ҳавода бўла олади. Унинг бортида балласт ўрнига махсус газ тизими ўрнатилади ва бу тизим дирижабль баландлигини назорат қилади - бу эса дунёнинг исталган мамлакатига юкларни етказиш имконини беради. У гелийда ишлайди. 

Дирижабль узунлиги 200 метрга яқин - бугунги кунда у дунёдаги энг катта ҳаво кемаси. Дирижабль Моффет Филд ҳарбий базаси ангарларида ишланмоқда - у ерда Google'га қарашли Planetary Ventures компанияси 4 квадрат километр майдонни ижарага олган. Шартнома 65 йилга имзоланган, унинг қиймати - миллиард долларга яқин. 

Google вакиллари бу борада изоҳ беришдан тийилишмоқда.

Top