14:25 / 30.05.2017
7415

Тожикистон соғлиқни сақлаш тизимида катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда

Фото: Fotolia

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бугун республика парламентининг ҳар икки палатаси томонидан қабул қилинган ва тасдиқланган “Сейсмик хавфсизлик тўғрисида”, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”, “Саноат соҳасида давлат сиёсати тўғрисида”, “Рақобатни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар, Соғлиқни сақлаш кодекси ва мамлакатнинг қатор қонунларига тузатишларни киритишни имзолади. Бу ҳақда мамлакат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси томонидан 15 март куни қабул қилинган мамлакат тарихидаги илк Соғлиқни сақлаш кодексига кўра, тажрибасиз ёш тиббиёт ходимларига хусусий амалиёт билан шуғулланиш тақиқланди.

Тожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазири Насим Олимзода ўшанда халқ депутатлари олдида чиқиш қилар экан, Кодексни ишлаб чиқиш президент Имомали Раҳмоннинг топшириғига кўра 2013 йилда бошланганини таъкидлаб ўтди.

Кодекс Тожикистоннинг аввал қабул қилинган, соғлиқни сақлаш соҳасини тартибга солувчи 16 та қонунини алмаштиради.  

Кодекс Тожикистон давлат, хусусий ва халқ тиббиёти фаолиятини тартибга солади.

Қабул қилинган Кодекс нормаларига мувофиқ, етарли тажрибага эга бўлмаган ёш тиббиётчилар хусусий тиббиёт амалиёти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас. 

Ўшанда вазир Тожикистонда бугунги кунда хусусий тиббиёт хизматларини 601 субъект тақдим этишини таъкидлаб ўтганди.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зухуровнинг қайд этишича, сўнгги вақтларда Тожикистонга қимматбаҳо тиббиёт асбоб-ускуналари ва техникаси олиб кирилган, уларнинг бир қисми, мутахассислар етишмаслиги туфайли шунчаки ишлатилмай турибди.

Зухуров январь бошида Тожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазири этиб тайинланган Насим Олимзодага мурожаат қилар экан, шундай деганди: «Агарда сен вазирликнинг ўзида коррупцияни йўқотсанг, шифохоналар, поликлиникалар, туғруқхоналардаги коррупция ҳам йўқолади».

Дарвоқе, Кодексда халқ табобати борасида шундай таъкидланади: «сеҳр-жоду ва диний маросимлар халқ табобатининг бир қисми деб тан олинмайди».

Top