08:11 / 31.05.2017
8049

АҚШ баллистик ракеталарни тутувчи ракетани муваффақиятли синовдан ўтказди

Фото: AFP 2017 / US Air Force / Joe Davila

АҚШ ҳарбийлари сешанба куни қитъалараро баллистик ракеталарни тутишга мўлжаллаб яратилган ракетани муваффақиятли синовдан ўтказишди. Бу ҳақда АҚШ ракеталарга қарши мудофаа агентлиги хабар берган.

Маҳкама хабарига кўра, шунингдек, парвознинг марш қисмида ердаги ракеталарга қарши мудофаа тизими ҳам синовдан ўтказилди. У Калифорнияда жойлаштирилган бўлиб, Тинч океанининг Маршалл ороллари яқинидан учирилган бир неча ракетани аниқ нишонга олган. Аниқлик киритилишича, нишон “тўғридан-тўғри тўқнашув” натижасида йўқ қилинди.

"Дастлабки маълумотларга кўра, синов бирламчи мақсадига эришган, дастур билан шуғулланувчи расмий шахслар тизимни телеметрия ва синов жараёнида олинган бошқа маълумотлар асосида баҳолаб боришади", - дея таъкидланади хабарда.

Синов КХДР томонидан аввалроқ ракета синовлари серияси ўтказилгани фонида рўй берди. АҚШ бунга жавобан минтақадаги ўз позициясини кучайтириб, Жанубий Кореяда ракеталарга қарши мудофаа тизимини жойлаштирмоқда, шунингдек, мамлакатнинг асосий қисми ҳимоясини мустаҳкамламоқда.

Очиқ манбалар маълумотига кўра, АҚШнинг GMD ракеталарга қарши мудофаа комплекси 2005 йилда ишга туширилган. У қитъалараро баллистик ракеталар ва уларнинг жанговар қисмларини Ер атмосферасидан ташқаридаги фазовий маконда тутишга мўлжалланган. 

Top