15:10 / 31.05.2017
21559

Экология ҳафталиги-2017: "Мен табиат билан биргаман"

Бугун, 31 май куни Халқаро Пресс-клуб (ХПК)да "Экология ҳафталиги-2017" очилиш маросими бўлиб ўтди. ХПК сессиясида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алихонов, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури доимий вакили в.б. Фарид Караханов, Халқаро Пресс-клуб модератори Шерзодхон Қудратхўжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлар ҳамда Ўзбекистонда аккредитацияланган маҳаллий ва халқаро ОАВ вакиллари иштирок этишди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1972 йилги резолюциясига кўра, 5 июнь куни "Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни" нишонланади ва бу халқаро экологик тақвимда алоҳида аҳамият касб этади. Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунининг 2017 йилги шиори "Мен табиат билан биргаман". 

Анжуманда Ўзбекистон БМТнинг атроф-муҳитга оид умумжаҳон декларация, конвенция ва бошқа келишувларни амалда қўллаб келаётгани ҳамда бугунги кунда табиатни ҳимоя қилиш глобал сиёсатида фаол иштирокчи ҳисобланиши таъкидланди. 

Шунингдек атроф-муҳит ҳимояси дастури, биохилма-хилликни сақлаб қолиш, озон қатламини емирувчи моддаларни ишлатишдан воз кечиш, иқлим ўзгаришидаги илк ташаббусларга оид стратегик ҳужжатлар қабул қилингани ва уларнинг ижроси амалга оширилаётгани қайд этилди. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг "Экология назорати тўғрисида"ги қонуни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилий тизимини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Мазкур қонунга кўра, табиатни асраш тизими ва экологик муаммоларни ечишда фуқаролик жамияти барча қатнашчиларининг фаол иштироки учун қонуний асос мустаҳкамлаб қўйилган. Шу билан бирга, нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг соҳадаги ролини ҳисобга олиб, давлат буюртмаси ва грантлар асосида вилоятлардаги экологик муҳитни яхшилашга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Top