13:45 / 02.06.2017
5909

Гризманн «Атлетико»да қолишга қарор қилди

Франциялик ҳужумчи Антуан Гризманн Мадриднинг «Атлетико» клубида қолишга қарор қилган. Бу ҳақда ишончли манбаларига асосланган ҳолда Radio Onda Cero хабар тарқатди.

Шу вақтгача Гризманни ёзги трансферлардаги асосий мақсади ҳисоблаб келган «Манчестер Юнайтед» ҳам уни харид қилиш режасини кейинга қолдирган.

Футболчининг ўзи май ойида берган интервьюларидан бирида манкунианликлар жамоасига ўтиши эҳтимолини юқори баҳолаганди, кўп ўтмасдан у «Атлетико» раҳбариятидан ўзини қўйиб юборишни сўрагани ҳақида хабарлар тарқалди.

Аммо 1 июнь куни Спорт арбитраж суди «Атлетико»га ёзги трансферлар вақтида янги футболчиларни сотиб олишга қўйилган тақиқни бекор қилмаслиги маълум бўлгач, футболчи клубда қолишга қарор қилган.

Гризманн твиттердаги саҳифасида Чемпионлар лигасининг якунланган мавсуми 1/4 финалида «Лестер»га урган голини нишонлаётгани тасвирланган суратни жойлади ва шундай изоҳ қолдирди: «Энди ҳарқачонгидан ҳам ортиқроқ «Атлетико» билан биргаман».

Гризманн якунланган мавсумда жамоаси сафида жами 53 учрашувда майдонга тушиб, 26 гол урди.

Top