21:58 / 02.06.2017
9677

Олмалиқда қабристон яқинида талончилик қилган шахс қўлга олинди

Олмалиқ шаҳрида истиқомат қиладиган 1996 йилда туғилган Бобур Шокиров (исмлари ўзгартирилган) бошқарувидаги “Нексия” русумли автоуловга йўловчи сифатида ўтирган 1986 йилда туғилган Баҳриддин Долиев Олмалиқ шаҳар Гултепа маҳалласи ҳудудида жойлашган қабристон яқинидаги дала майдонига келганида ҳайдовчидан автоуловни тўхтатишни талаб қилган, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИБ Матбуот хизмати.

Долиев ҳайдовчининг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатган ҳолда унга тегишли 590 АҚШ доллари ва нархи тахминан 500 АҚШ доллари бўлган 1 дона “Iphone” русумли уяли алоқа телефонини очиқдан-очиқ тортиб олиб, воқеа жойидан яширинган. 

Ички ишлар органларининг олиб борган тезкор чора-тадбирлари натижасида 1986 йилда туғилган Баҳриддин Долиев ушланиб, ушбу жиноятни содир этганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддасига кўра жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур жиноятни содир этиш сабаблари ўрганилмоқда.

Top