15:30 / 02.06.2017
8732

Ўзбекистон туристик салоҳияти Рамазон ойида Сингапурда намойиш этилмоқда

27 май куни Сингапурнинг энг йирик савдо-кўнгилочар мажмуаларидан бири Our TampinesHub’да Hari Raya Bazaar-2017 ярмаркаси ўз ишини бошлади. У ҳар йили Рамазон ойида ташкил этилади. Тадбир 23 июнга қадар давом этади. Бу ҳақда “Жаҳон” АА хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон, Бруней, Индонезия, Эрон, Марокаш, Сингапур ва Япониянинг туристик фирма ҳамда озиқ-овқат соҳасидаги корхоналарига 120 та ярмарка кабиналари ажратилди.

Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси томонидан ярмаркада миллий стенд ташкил этилди, унда халқ ижодиёти маҳсулотлари ва амалий санъат намуналари, экологик тоза мева-сабзавот маҳсулоти, қуруқ мевалар, ёнғоқ экинлари, ҳолва, асал, ўзбек нонлари тақдим этилган.

Шунингдек, Ўзбекистондаги туристик соҳанинг ривожи ҳақида маълумотлар берувчи материаллар, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Тошкентнинг тарихий ёдгорликларига бағишланган видеосюжетлар тайёрланди.

Умуман олганда, Ўзбекистон стенди ўзининг ноёб дизайни, миллий услуби ва бой мазмуни билан кўплаб ташриф буюрувчиларни ўзига жалб этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Gold Dried Fruits компанияси ҳам ўзининг мева-сабзавот маҳсулотлари экспозициясини тақдим этади. 31 майдан бошлаб эса «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Сингапурдаги ваколатхонаси ҳам ўз стендини очди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ярмарка хорижий компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли шартномалар имзолаш, жаҳон туристик бозоридаги тенденциялар билан танишиш, тажриба алмашиш имкониятини беради.

Top