10:09 / 03.06.2017
14659

Франция Парагвайга истаганича гол урди, сўнгги 17 йил ичидаги илк ҳет-трик қайд этилди

Футбол бўйича Франция терма жамоаси ўртоқлик учрашувида Парагвай термасини тор-мор келтирди. Ренн шаҳридаги стадионда бўлиб ўтган баҳс уч ранглилар фойдасига 5:0 ҳисобида якунланди.

Беллашувнинг 6-дақиқасида Оливье Жиру французларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, 13-дақиқада эса «Арсенал» форварди дубль қайд этди. Кейинги тўп 69-дақиқада урилди, Жиру ҳет-трик қайд этди. Учрашувнинг 76-дақиқасида Мусса Сиссоко ўз номини таблога ёздириб қўйган бўлса, Антуан Гризманн бир дақиқа ўтиб учрашувга якуний нуқта қўйди. 

Французлар 13 июнь куни Англия термаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушса, парагвайликлар 9 июнда Перу термаси билан тўқнаш келади.

Франция терма жамоаси ва «Арсенал» ҳужумчиси Оливье Жирунинг баҳсдаги учта голи эса Франция термаси учун 2000 йилнинг 16 августидан бери расмийлаштирилган илк ҳет-трикка айланди. Ўшанда «Ювентус» ҳужумчиси Давид Трезеге FIFA юлдузлари жамоаси билан ўртоқлик ўйинида уч бор номини таблога ёздириб қўйганди.

Ундан аввалги ҳет-трик эса 1985 йилнинг 30 октябрь куни қайд этилган - «ПСЖ» ҳужумчиси Доминик Рошто 1986 йилги жаҳон чемпионати саралаш учрашувида Люксембургга учта гол урганди. 

Франция – Парагвай 5:0 (2:0, 3:0)
2 июнь, 00:00, «Рю де Лорьен»
Голлар: 1:0 – 6 Жиру, 2:0 – 13 Жиру, 3:0 – 69 Жиру, 4:0 – 76 Сиссоко, 5:0 –77 Гризманн.
Франция – Льорис, Косьельни, Менди (Динь, 67), Сидибе, Умтити, Погба (Канте, 46), Матюиди, Пайет (Лемар, 46), Гризманн (Товен, 80), Жиру (Ляказетт, 73), Дембеле (Сиссоко, 46).
Парагвай – Сильва, Патиньо (Самудио, 46), Алонсо, Вальдес, Гомес, Агиляр, Айяла (Паредес, 63), Ромеро (Франко, 77), Итурбе (Рамирес, 46), Бенитес (Диас, 46), Сантандер (Бенитес, 58).

Top