23:12 / 08.06.2017
12211

Коллеж ўқувчилари Ислом динининг инсонларни эзгуликка даъват этишини кўрсатиб беришди

Маълумки, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни таълим даргоҳлари, маҳаллалар ва бошқа жамоатчилик масканларида  кенг  миқёсдаги профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.   

Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги иқтисодиёт коллежида бўлиб ўтган тадбирда ўқувчилар маънавиятини юксалтириш, уларни ёт диний оқимлар тажовузидан ҳимоя қилиш ҳақида сўз борди.   

Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг иқтидорли ўқувчиларидан ташкил топган “Андижон зукколари” гуруҳи куни кеча “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг вилоят босқичида иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Тадбирда гуруҳ аъзолари “Биз ёшлар диний экстремизмга қаршимиз” мавзусида саҳна кўринишлари ва бадиий чиқишлардан иборат дастур намойиш қилдилар. 

Мўъжаз тарзда театрлаштирилган чиқишларда диний ақидапарастлар йўлига адашиб кириб қолган ёшларнинг аянчли ҳолати, таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланиши, муқаддас ислом динининг инсонларни эзгуликка даъват этиши кўрсатиб берилди.

Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Ғ. Раҳимов ва Олтинкўл туман ҳокимининг ўринбосари Ф. Парпиевлар сўз олиб, ёшларга мавзу юзасидан маъруза қилдилар.

 Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Top