09:50 / 09.06.2017
3809

Британия ТИВ, ИИВ ва молия вазирлари парламентга қайта сайланди

Фото:AFP 2016/ Fabrice Coffrini

Буюк Британия ТИВ раҳбари Борис Жонсон навбатдан ташқари сайловлар натижалари бўйича парламентга қайта сайланди. У Лондондаги Аксбриж ҳамда Жанубий Руслип округларида ғалаба қозонган.

Бундан ташқари, Буюк Британия ички ишлар вазири Амбер Радд ҳам парламентга қайта сайланди.

Гастинг ва Рай округидаги сайлов участкасида овозлар қайта ҳисобланди, сабаби Радд ҳамда унинг Лейбористлар партиясидан бўлган рақиби ўртасидаги фарқ анча баҳсларга сабаб бўлди.

Радд – бош вазир ва Консерватив партияси етакчиси Тереза Мэйнинг энг яқин тарафдорларидан биридир.

Шунингдек, Буюк Британия канцлери (молия вазири) Филип Хаммонд ҳам сайловлар якуни бўйича парламентдаги ўрнини сақлаб қолди. У Саррей графлигидаги Раннимад ва Вейбриж округидан қайта сайланди.

Sky News тахминига кўра, Буюк Британия Консерватив партияси парламентга сайловларда аксарият ўринни ололмайди. Кутилишича, улар 315-321 ўринни олишади, бу эса парламентда ҳеч бир сиёсий партия яримдан кўп ўринни эгалламаслигини англатади. Бундай ҳолатда аввалги ҳукумат янгиси шакллангунга қадар ўз ваколатларни сақлаб қолади.

Шу билан бирга, амалдаги бош вазир ва унинг партияси бир ўзи ёки бошқа партиялар билан ҳамкорликда ҳукуматни шакллантира олиши ҳам аниқланади. Буюк Британияда ўрнатилган қоидаларга кўра, айнан сайловларга қадар ҳукмронлик қилган партия ҳукуматни шакллантириш бўйича илк ҳаракатни амалга оширишга ҳақли. 

Аввалроқ Буюк Британия бош вазири ҳам парламентга қайта сайлангани ҳақида хабар бергандик.

Top