16:50 / 09.06.2017
14586

Кассага эмас, киссага: Наманганда давлат пулларини талон-торож қилган шахс қамалди

Зохир Қобулов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) туман тиббиёт бирлашмасига қарашли хўжалик ҳисобидаги пулли хизмат кўрсатиш бўлими бухгалтериясига кассир бўлиб ишга келганидаёқ нияти пок эмас экан. У аввалдан бу бўлимда яхшигина “пул айланиши”ни билар, шу боис “мойли иш”дан бир нимали бўлиб қолишни режалаштирарди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

У жирканч ниятини амалга оширишда қийналмади. Сабаби, бўлим ҳисобчиси Жасур Камолов ҳам ундан қолишмас, бир неча марта судлангани ҳам унинг “кўзини очмаганди”.

Маълумки, амалдаги қонунлар талабига кўра, барча чакана савдо корхоналари, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарда тушган нақд пул маблағлари ҳар куни банк муассасасига топширилиши шарт. З.Қобулов кассир сифатида буни жуда яхши биларди. Бироқ у ўзи ишлаётган бўлимда 2015 йил 1 октябрдан 2016 йил 26 январига қадар тиббий кўрикдан ўтган фуқароларга кўрсатилган тиббий хизмат учун олинган жами 36 млн. 643 минг сўм нақд пулни банкка топширмай, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Шунингдек, у 2015 йил октябрь ойида икки нафар ходимининг 1 млн. 300 сўм миқдоридаги ойлик иш ҳақларини бермай, ўз эҳтиёжи учун сарфлайди.

У жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2016 йил январь ойида тўрт нафар ходимга жами 1 млн. 800 минг сўм ортиқча иш ҳақи тўлаб юбориб, бюджет маблағларини талон-торож қилади.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг хусусийлаштириш ва пулли хизматни ташкил этиш бўлими бошлиғи ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан 2015 йил 9 сентябрда тасдиқланган “Ходимларнинг иш ҳақларини белгиловчи тиббий хизмат кўрсатиш нархномаси”га асосий 2015 йил сентябрь ойидан 2016 йил январь ойига қадар хўжалик ҳисобидаги бўлимнинг 9 нафар ходимига бажарган ишлари бўйича жами 49 млн. 151 минг сўм иш ҳақи ҳисобланиши лозим эди. Ж.Камолов эса нархномани тасдиқлатгач, унинг биринчи нусхасини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдим этади. Иккинчи нусхасига эса ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб сохта маълумотлар ҳамда ёзувлар киритади. Шунингдек, ИФА лаборатория бўлими 9 нафар ходимининг хизмат кўрсатиш дақиқаларини камайтириб кўрсатиб, жами 25 млн. 560 минг сўм иш ҳақларини ҳисобламай, уларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зиён етказади.

Ҳар иккала қонунбузарнинг қилмиши фош этилиб, суд ҳукми билан улар жиноий жавобгарликка тортилди.

Top