15:12 / 10.06.2017
9722

Қурилиш ишларини ўлда-жўлда бажариб, маблағни ўзлаштириш билан шуғулланган корхона раҳбари жазоланди

Носир Ғуломов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) раҳбар бўлган хусусий корхона фаолияти қурилиш-монтаж ишлари билан боғлиқ эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Н.Ғуломов шартнома асосида ҳамкор ташкилотлардан буюртма олар, қурилиш ишларини бошлар, афсусланарлиси, иш ниҳоясига етар-етмас маблағларнинг бир қисмини ҳамёнига уриш ҳаракатига тушиб қоларди. Ҳисобот ҳужжатларига эса “барча ишлар якунлангани, пуллар жой-жойига ишлатилгани” ҳақидаги қайдларни киритиб, уларни ҳамкор идораларга юборарди. Сўнгра ўша идорадаги масъуллар билан “тиллашиб”, бу ишларни “иси чиқмайдиган” қилиб келарди.

Бу кирдикорлари ортидан беш марта судланиб, жиноий жавобгарликка тортилди ҳам. Бироқ булардан у ўзига тегишли хулоса чиқармаган экан.

Н.Ғуломов хусусий корхона раҳбари сифатида 2012 йилда “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ Наманган филиали билан Поп тумани, “Водий” массиви ҳудудида 4 та намунавий турар жой қуриш бўйича 194 млн. 312 минг сўмлик пудрат шартномаси имзолади. Аммо қурилиш ишлари бошлангач, унинг “эски дарди” хуруж қилди. Уйлардаги ишлар якунига етмаган бўлса-да, ҳисоботларга 191 млн. 166 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилгани ҳақидаги сохта ёзувларни киритди. Аслида эса 89 млн. 894 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишлари мутлақо бажарилмаганди.

Н.Ғуломов қилмишларини давом эттириб, “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ Наманган филиали собиқ етакчи мутахассиси И.Соатов билан жиноий тил бириктирган ҳолда қалбаки ҳужжатлар ёрдамида жиноятини яширишга уринади. Натижада филиал томонидан хусусий корхона ҳисоб рақамига 160 млн. 500 минг сўм маблағ ажратилади. Аммо И.Соатов содир этган жиноятининг оқибатини ўйлаб, филиал раҳбари номига берилган билдиришномага мувофиқ хусусий корхона ҳисоб рақамига ўтказиб берилган маблағнинг 31 млн. 379 минг сўмини қайтаришга эришади. Шунингдек, хусусий корхонани молиялаштириш ҳам тўхтатилади. Лекин Н.Ғуломов бунгача 27 млн. 848 минг сўм маблағни ўзлаштиришга улгурганди. Тайинки, уйлар қурилиши ўлда-жўлда қолиб, бир неча йилга чўзилиб кетади. 

Жиноят ишлари бўйича Поп тумани судида Н.Ғуломовнинг мазкур жиноий фаолияти атрофлича ўрганилиб жавобгарликка тортилди. У ўзлаштириб, талон-торож қилиб юборган маблағни жойига қўйишга мажбур бўлди.

Top