12:39 / 10.06.2017
9647

Миллиардер Баффетт билан тушлик ҳуқуқи 2,6 млн долларга сотилди

Америкалик сармоядор Уоррен Баффетт билан биргаликда тушлик қилиш ҳуқуқи ҳар йиллик хайрия кимошди савдосида 2,6 млн долларга сотилди. Associated Press агентлиги хабарига кўра, ҳуқуқни сотиб олган мижоз исм-шарифи сир қолишини хоҳлаган. 

Миллирдер томонидан ташкил этиладиган кимошди савдоси 18-марта eBay интернет савдо майдонида ўтказилди. Савдо ғолиблари одатга кўра, Баффетт билан тушлик қилиш ва унга ўзи истаган саволни бериш ҳуқуқига эга бўлади. Сармоядор кимошди савдосидан тушган маблағларни Glide Foundation жамғармаси ҳисобига ўтказади. Бу фонд Калифорниянинг Сан-Франциско шаҳридаги уйсизларга кўмак беради. Ўтган кимошди савдолари давомида Баффетт 24 млн доллардан ортиқ маблағ тўплашнинг уддасидан чиқди. 

"Glide ғамхўрликларига гувоҳ бўлган ҳар ким хайрли ишлар борлигига ишонади", - дея сармоядор сўзларини келтиради агентлик. Баффеттнинг айтишича, у ушбу хайрия ташкилотига маблағ йиғиш амалиётини рафиқаси Сюзан боис бошлаган. У 2004 йилда вафот этгунича Glide Foundation жамғармасида кўнгилли сифатида фаолият юритган. 

Ўтган йили кимошди савдосидан рекорд даражадаги маблағ, 3,45 млн доллар пул тушган эди. 2015 йили Хитойнинг Dalian Zeus Entertainment компанияси Баффетт билан тушлик қилиш учун 2,34 млн доллар маблағини тиккан эди.

Уоррен Баффетт мижози билан тушликни Нью Йорк марказидаги Smith and Wollensky ресторанида ўтказади. Савдо ғолиби ўзи билан бирга яна 7 нафар кишини таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлади. 86 ёшли сармоядорнинг сўзларига кўра, одатда бу каби тушликлар 3 соат давом этади. Унда суҳбатдошлар кўплаб турли саволларни муҳокама қилишади. Мулоқотда биргина тақиқланган мавзу бор, у ҳам бўлса миллиардернинг бўлғуси инвестиция режалари.
 
Баффетт раҳбарлик қиладиган Berkshire Hathaway холдинги йиллар давомида конгломератга айланиб, 80га яқин компанияни ўзида бирлаштирган. Улар суғурта, инвестиция, мебель ишлаб чиқариш ва сотиш, заргарлик, кийим-кечак ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритади. 

 

Top