09:51 / 11.06.2017
11283

Антониу Гутерриш Ўзбекистонга сафарини якунлаб, Қирғизистонга жўнаб кетди

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташрифи доирасида Қорақалпоғистон Республикасига сафар уюштирганди. Facebook’даги UN Uzbekistan саҳифасининг хабар беришича, БМТ бош котибининг Ўзбекистонга биринчи сафари ўз якунига этди ва у Қирғизистонга йўл олди.

Антониу Гутерриш Ўзбекистон ҳукумати ва халқига юксак даражадаги қабул учун ўз миннатдорлигини билдириб, сафар дастурининг кейинги манзили томон йўл олди.

БМТ бош котиби Нукусда Орол денгизи ва унинг атрофидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимотида бўлди. 

БМТ Бош котибига Орол денгизининг бугунги аҳволи ва минтақадаги экологик ҳолат ҳақида сўзлаб берилди. Бир вақтлар мавж уриб турган денгизнинг суви кейинги 50-55 йилда 15 мартадан зиёд камайиб, сув сатҳи 29 метрга пасайгани, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлгани қайд этилди. Бу ҳолат минтақа табиати, одамлар ҳаёти, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатмоқда. Денгизнинг қуриган ҳудудида 350 минг гектарга иқлимга мос қандим, черкес, саксовул экилиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинмоқда. 

Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамроҳлигида Орол денгизи акваториясига борди. Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”ни кўрди, жамоатчилик вакиллари билан учрашди. БМТ томонидан ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар самаралари билан танишди. 

У шунингдек, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида бўлди ва унинг экспонатларини кўздан кечирди.

Гутерриш Қирғизистондан кейин Тожикистонга боради.

Top