13:30 / 13.06.2017
75707

Бош вазир ўринбосарлари сони қисқартирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро тузилмасига ўзгартишлар киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 июндаги қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, ўзгартишлар иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосарлари ҳамда ҳукумат аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари фаолияти самарадорлиги ва натижавийлигини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш мақсадида олиб борилмоқда.

Қарорга кўра, бош вазирнинг ўринбосари — Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси ва Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш Йиғма ахборот-таҳлил департаменти раҳбари лавозими тугатилди (ўтган йил декабридан буён мазкур лавозимда Рустам Содиқович Азимов фаолият кўрсатар, 6 июнда унинг ўрнини Жамшид Қўчқоров эгаллаган эди).

Бош вазир ўринбосари — Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартишлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбари лавозими таъсис этилди.

Бундан ташқари, бош вазир ўринбосари — Экология, атроф-муҳит муҳофазаси, жисмоний маданият ва спорт масалалари бўйича комплекс раҳбари ўринбосари лавозими бекор қилинди (Адҳам Илҳомович Икромов ишдан олингач, мазкур лавозим шу вақтгача бўш эди).

Бош вазир ўринбосари — «Ўзавтосаноат» АК бошқаруви раиси — Экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари лавозими ўрнига (Улуғбек Рўзиқулович Убайдуллаевич) бош вазир ўринбосари — «Ўзавтосаноат» АК бошқаруви раиси — Ташқи иқтисодий фаолиятни, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари таъсис этилган.

Вазирлар Маҳкамасида тўртта ахборот-таҳлил департаменти тугатилди:
Таълим ва фан масалалари Ахборот-таҳлил департаменти (АТД);
Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари АТД;
Иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудлари экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари АТД;
Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси.

Ҳукумат тузилмасида улар ўрнига қуйидаги ахборот-таҳлилий департаментлар ташкил этилган:
- Таълим, фан ва ёшлар сиёсати масалалари АТД;
- Маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар АТД;
- Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартишлар, банк ва молия тизимларини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари Йиғма АТД;
- Инвестицион дастурларни амалга ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этишни шакллантириш ва мониторинги масалалари АТД;
- Ташқи иқтисодий фаолиятни, иқтисодиёт соҳалари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш АТД;
- Ҳуқуқий экспертиза, халқаро шартномалар ва ташқи алоқаларни ривожлантириш бошқармаси.

Бош вазирга Таълим, фан ва ёшлар сиёсати АТД, Маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар АТД ҳамда Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний маданият ва спорт АТДга раҳбарлик қилиш юклатилди.

Top