17:55 / 13.06.2017
72394

“Эронга нега бордик?”: Тоҳир Малик ҳақ эканлигини исботлаш учун (ми?)

Чўзиб, узундан-узоқ мақола ёзишни ёмон кўраман. Терма жамоа ютқазганининг асл сабаблари, футболимизни бу даражада пасайиб кетишига тизимнинг қай жиҳати айбдор эканлигини барчага бошидан тушунтиришимни ҳожати йўқ, менимча. 

Мени оддий савол қийнайди: “Эронга нега бордик?”. Савол янги саволчалар туғдиради: “Сергеевни майдонга туширишдан мақсад нима эди, Ҳошимовничи?”. Қисқаси, 90 дақиқалик ўйинга 90 та саволим бор.

Ўйинни илк дақиқаларидан майдонда нима қилишини билмаётган Ўзбекистон термасини кўрдик. Тўғриси, майдонга тушган МТЖ ва унинг йигитлари - нега ва не мақсадда “Озодий”га борганини билмай қайтиб келишди, чоғи. Бирорта мақсадли комбинация, режа йўқ эканлигини оддий мухлис ҳам сезди-ёвв... Ўрта чизиқ тўпни қабул қилиб, бу занғар коптокни нима қилишини билмаса, ҳимоячилар: “Узоққа кетгани маъқул” деб тўғри келган томонга тепади. Ҳужумчилар ҳаракати эса умуман аскиячиларга тайёр мавзу бўлди. УЧТА ҲУЖУМЧИМИЗ 90 ДАҚИҚА ДАВОМИДА БИРОР МАРТА ҲАМ РАҚИБ ДАРВОЗАСИ ТОМОН ЗАРБА БЕРА ОЛМАДИ! Айтингчи, мана шундай жамоа тўғрисида: “Эронга бемақсад борган терма”, деган мақола ёзишга ҳақлидирман? Бу сафар, тилимни бурро-бурро қилиб таҳлилий мақола ёзиш ниятим йўқ. Чунки, Бабаян термаси бунга арзимайди ҳам.                  

Кечаги Эрон шу пайтгача кўрганларимдан фарқ қилмайди. Қўлимни кўксимга қўйиб, миллионлаб мухлислар номидан айтишим мумкин: “Абрамов ва Қосимов даври яъни охирги йилларда бизнинг терма эронликлардан кучсиз эмас эди”. Эрон термаси жисмоний жиҳатдан кучли, таркибида Европада ўйнайдиган бир қатор ўйинчилар бўлгани билан ҳеч қачон бизнинг термадан БИР БОШ баланд бўлмаган. 

Абрамов мураббий бўлган пайтдаги ўйинни эсланг. Рақибни босимда ушлашни зўр эплайдиган Вадим Карленовични жамоаси 89 дақиқа Эронни ўз жарима майдонида қамалга олганди. Сўнги сонияда омад оти ёлидан ушлаб олган форслар ютиб кетишганида ҳам ҳеч ким Абрамовни айбламаган. Чунки, терма ўйинида мазмун ва маъно бор эди-да. Қосимовку, форсларга “Озодий”да дарс берган.

Кейруш термасини ютиш мумкин эканлиги илк дақиқалардан билиниб турди. Изчиллик йўқ Карлошни жамоасида. Чизиқлардаги боғланиш ҳам ҳаминқадар. Паслардаги хатоларнику қўяверинг. Эрон термаси аввалига бизникилардан чўчиб ўйнаган бўлса, кейинчалик Бабаян шогирдларининг шашти пастлигини сезиб ҳужумга ўтишни бошлашди. Улар билдики, бу ўтган йиллардаги Ўзбекистон термаси эмас! Ўйинчиларнинг техникаси ва тезлиги деярли бизнинг  терма билан бир хил бўлган Эрон биттагина омил, яъни – МУРАББИЙ эвазига ютди.

Ишқилиб, кечаги ўйинни юртимиздаги барча футбол мактаблари, интернатлари ва академиялари видеоёзувга олган бўлсин. “Нега?” дейсизми?  Кечаги ўйин видеосидан бемалол: “Маънисиз футбол қандай бўлади?” деган қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин.  Тўқсон дақиқа ичида бирор марта юракни “жиз” эттирадиган финт ёки комбинация кўрмабмиз, қаранг...                           

Терманинг футболчилари ўйинини бир-бир таҳлил қилиш бефойда. Чунки, турнир жадвали уларнинг ким эканлиги кўрсатиб турибди. 

Ҳар нарсанинг ҳатто қуёшнинг ҳам тик нуқтасидан тушиш пайти келади. Энди кўзни чирт юмиб, Денисов, Рашидов ва Исмоиловдан бошқа ҳаммасига жавоб бериб юбориш пайти келди. Ҳайдаров, Жепаров, Аҳмедов, Гейнрих  футболимиз учун жуда катта иш қилиб беришгани аниқ. Энди майдонни Ҳамдамов, Мусаев, Ашурматов сингари ёшларга бўшатиб бериш лозим. Саралашни қолган ўйинларида мана шу мураббий ва мана шу таркиб ва худди шу тактика билан давом эттирсак, аҳвол шундайлигича қолади. 

Ёзувчимиз Тоҳир Малик ўтган йилги бир анжуманда футболчиларимиз ҳақида икки оғиз гап айтгандилар. Тўғриси,  ўша гаплар менга эриш туюлганди. Барибир буюклар буюк-да! Оғалар тўғри гапиради. 

Тоҳир Малик ҳақ экан.     

Элмурод Эрматов, Андижон

Top