16:27 / 13.06.2017
6746

Маънавий қиёфани йўқотманг

Бугунги кунда вайронкор кучга эга бўлган порнографиянинг тарғиботи  жиноятга етакловчи куч сифатида намоён бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. АҚШнинг Юта университети психологи Виктор Клайн (Dr.Victor B.Cline)нинг таъкидлашича, инсонда порнографияга ўрганиш аввал ҳиссиётлар, сўнг онг хиралашувига олиб келади ва бу каби босқичлар жамиятда зўравонлик, шафқатсизлик каби жиноятларнинг келиб чиқишига бош сабабчи бўлади. 

Хорижнинг криминал дунёсида 5 нафар ўғил бола ўлимига алоқадор жиноятчи сифатида танилган Артур Гари Бишоп руҳшунос билан суҳбати жараёнида “Порнография менинг қулашимни белгилаб берди” деган эди. 28 нафар аёлнинг қотилига айланган Тед Банди эса ўз вақтида порнографияга муккасидан кетган мухлис сифатида таърифланган.   

Жамиятнинг порнографиядек жирканч иллатига қарши курашиш мақсадида мамлакатимиз ҳудудига ушбу тавсиф ва тасвирли ҳар қандай кўринишдаги материалларни олиб кириш, намойиш қилиш, кўпайтириш, тарқатиш тақиқланади. Бу ҳаракатларнинг таг замири энг аввало ёшларимизни турли ёт иллатлардан ҳимоялаш, уларнинг ҳали тўла шаклланмаган руҳиятини соғлом сақлаб қолишга қаратилган.

Сурхондарё вилоятининг чегара-божхона комплекслари ва постлари орқали ўтаётган айрим йўловчилар томонидан ушбу турдаги қоидабузарликлар ҳамон содир этилаётгани, албатта, афсусланарли.

Масалан, “Сариосиё” темир йўл чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган хорижлик 20 ёшли Н.Кибриёнинг қўл юклари орасидаги телефони божхона кўригидан ўтказилганда, унинг хотирасида 26 дона беҳаё мазмундаги роликлар мавжудлиги аниқланди. 

Кибриё бу телефон унинг шахсий мулки, унда сақланаётган маълумотлар тўғрисида ўзи жавобгар эканлиги, бундан ташқари Ўзбекистонда порнографик материаллар тақиқланганлиги ҳақида биринчи марта эшитаётганлигини эътирозли оҳангларда таъкидлади. Аммо қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди.

Суд қарорига кўра Н.Кибриё Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 189-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унинг 1 миллион 200 минг сўмга баҳоланган “Samsung Galaxy J3 Duos” русумли  телефон аппаратидаги беҳаё тасвирлар мутахассис томонидан тозалангач, давлат эгалигига ўтказилиши кўрсатилди.  

Ушбу мазмундаги 98 дона видеороликларни ўз телефонида сақлаб келаётган ҳамюртимиз Б.Лочин “Москва-Термиз” рейси билан Сурхондарёга учиб келганида, божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди. Телефон аппаратидаги порнографик материаллар ҳақида сўралганда, Б.Лочин бир муддат илгари 2 минг Россия рублига телефон сотиб олганини  ва ушбу телефон аппаратидан шу вақтга қадар ўзи билан бир қаторда бошқа танишлари ҳам фойдаланиб келганлигини таъкидлади.  

Унинг лоқайдлиги қимматга тушди. “Ўзига эҳтиёт бўлмаган, қўшнисини ўғри тутган” бу қоидабузар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 130-моддаси 3-қисми аломатлари билан жиноий иш қўзғатилди.

Яна бир ҳолатда Сурхондарё божхона масканларидан транзит тарзида ўтаётган чет эл фуқароси Б.Темурнинг қўл юклари соҳа ходимлари томонидан текширилганда, ушбу йўловчининг телефон хотирасида 506 дона беҳаё видеолавҳалар болиги аниқланди. 

Ушбу мазмундаги видеоларнинг кўплигига кўра 42 ёшли “рекордчи”дан ушбу ҳолатга аниқлик киритиш сўралганда, у қилмишидан уялдими ёки ўзини алланечук ҳис қилдими, божхоначилар қаршисида оёғи “ер чизиб” қолди. Бу қилмишини изоҳлашга ҳатто тайинли сўз ҳам топа олмади. Суд  қарори билан тегишли жазога тортилган “уялчанг рекордчи”нинг беҳаёликка йўғрилган телефони хотираси тозалангандан сўнг, давлат эгалигига ўтказилиши белгиланди. 

Юқоридаги маълумотлар билан танишиб чиққач, ушбу мазмундаги турли ахборотларни Интернетдан исталганча юклаб олиш на божхона ва на бошқа чегараларга бўйсунмайди, уларни Ўзбекистон ҳудудида бўла туриб ҳам, бемалол олиш мумкин дейишингиз мумкин. Лекин, унутманг бунинг учун ҳам миллий қонунчилигимизда қатъий жавобгарлик белгиланган!

Аслида, ўзини заррача бўлса-да виждонли, одоб-ахлоқли деб биладиган кишилар учун  бу каби қатъий қонун-қоидаларга эҳтиёж ҳам йўқ. Улар ор-номус ва шаънини сақлаб қолиш учун ҳам беҳаёлик кўчасига йўлламайдилар.

Ёт тушунчалар, бузғунчи ва вайронкор ғоялар, турфа яширин таҳдидларга қарши курашишни муқаддас бурч деб билган республикамиз божхоначилари эса бу йўлда ҳамиша сергак ва ҳушёр эканлигини унутмасангиз бўлгани.

Гавҳар Махмудхонова
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси
ахборот хизмати ходими

Top