16:23 / 14.06.2017
9301

“O’zbekiston 24”: Ахборот маконидаги янги истиқболлар

Фото: "Кун"

Жорий йилнинг 14 июнь куни Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 2 майда қабул қилинган “O’zbekiston 24” ахборот таҳлилий телерадиоканали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги (2944-сон) Қарорнинг ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар анжуман диққат марказида бўлди.

Сессияда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Алиханов, “O’zbekiston 24” телерадиоканали раҳбарияти - директор Озод Ҳамидхўжаев, директорнинг биринчи ўринбосари Раҳим  Маҳкамов, директор ўринбосари Соҳибжон Алижонов қатнашиб, қарорда белгиланган вазифалар ва уларнинг ижросига оид тадбирлар юзасидан маълумотлар беришди. 

Янги телерадиоканал 251 нафар штат бирлигига эга бўлиб,  “O’zbekiston 24” SD ва HD форматларида рақамли эфир ижтимоий пакетига киритилади. Унинг HD форматидаги трансляцияси мамлакатда ушбу форматга тўлиқ ўтилгунга қадар параллел равишда UzHD каналида ҳам амалга оширилади.

Янги телерадиоканал туну кун бевосита эфир давомида замонавий журналистиканинг барча имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда мамлакатимиз ташқи ва ички сиёсатининг муҳим масалаларини бутун республика бўйлаб кенг ёритиб боради. Бир вақтнинг ўзида халқаро ва маҳаллий воқеа ҳодисаларга  холис баҳо бериб, Ўзбекистон аҳолисининг сифатли ахборотга бўлган кучли талабини қондиришга хизмат қилади. Шунингдек, янги телерадиоканал замонавий медиаконтент сифатида ўзида бугунги даврнинг энг илғор медиамаҳсулотлари, замонавий стандартлари ва креатив ёндашувларини ҳам мужассамлаштириши алоҳида кўрсатилган.  

Ўз фаолияти кўлами доирасида “O’zbekiston 24” телерадиоканали очиқ мулоқот мухитида давлат ва жамият бошқарув органлари раҳбарлари, экспертлар, кенг жамоатчилик ва академик доира вакиллари иштирокида долзарб муаммоларни ижтимоий муҳокамалар марказига олиб чиқиш, уларнинг ечимлари бўйича аниқ таклифлар бериш каби вазифаларни ҳам бажариши назарда тутилган. Бу йўналишда   янги телерадиоканалнинг Тараққиёт Статегияси маркази ва “Халқаро Пресс-клуб” ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, фуқаролик институтлари билан ҳамкорлик қилиши режалаштирилган. 

Ўзбекистон тарихида биринчи марта  24 соат давомида ахборот узатадиган янги форматдаги  “O’zbekiston 24” телерадиоканалининг ташкил этилгани мамлакат оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади. 

Top