07:55 / 15.06.2017
37281

Мейвезер ва Макгрегор ўртасидаги супер жанг куни расман маълум қилинди

12 карра жаҳон чемпиони, америкалик боксчи Флойд Мейвезер ва енгил вазнда амалдаги UFC чемпиони, ирландиялик Конор Макгрегор ўртасида ўтадиган жанг санаси маълум қилинди. Жанг ўтказилишини иккала спортчи ижтимоий тармоқлар орқали тасдиқлашди. 

Жумладан, аввал фаолиятини якунлаганини эълон қилган Мейвезер бу ҳақда инстаграмда маълум қилди. Унинг таъкидлашича, учрашув 26 августда Лас-Вегасдаги MGM Grand аренасида бўлиб ўтади.

Спортчи ўз сўзининг тасдиғи сифатида аккаунтида Макгрегор билан жанги афишасини жойлаштирди.

ОАВ аввал маълум қилгандек, 40 ёшли Мейвезер ва 28 ёшли Макгрегор ўртасидаги жанг бокс қоидалари бўйича ўтади.

Америкалик боксчи фаолияти давомида 49 та жанг ўтказиб, бирорта мағлубиятга учрамаган. Ирландиялик спортчи эса фаолиятидаги 24 та жангдан 21 тасида ғалаба қилган, 3 тасида мағлуб бўлган.

Top