09:54 / 16.06.2017
9472

Бўстонлиқда “ҳокимлик”да ишлаган фирибгар ушланди

Тошкент вилояти Бўстонлик туманида “ҳокимлик”да ишлаганини айтб, танишини алдаган ва ундан олган пулини ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати маълум қилмоқда. 

Бўстонлиқ туманида яшовчи Э.С. таниши У.К. билан сўзлашиб туриб, Чорбоғ шаҳарчасида жойлашган дала ҳовлисини номига расмийлаштириб олишда ёрдам беришини сўрайди. У.К. илгари ҳокимликда мансабдор лавозимлардан бирида ишлаганлигини, озроқ харажат қилса, кўмак бериши мумкинлигини айтади ва 700 АҚШ доллари эвазига “иш”ни битириши мумкинлигини шаъма қилади.

У.К.нинг таклифи Э.С.га ҳам ёқиб тушиб, дарҳол рози бўлади ва унга 400 АҚШ доллари беради. Бироқ келишувдан ҳар қанча вақт ўтса ҳамки, ҳужжатлар ҳал бўлмайди. Ўзининг алданганини сезган Э.С. ниҳоят ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилади. 

У.К. ўзининг айбига тўлиқ иқрор бўлиб, фирибгарлик қилгани, олган 400 АҚШ долларини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборганини тан олди. 

Ҳозирда, ушбу ҳолат юзасидан тўпланган хужжатлар мазмунан кўриб чиқишлик учун суд идораларига юборилган.

Top