15:38 / 16.06.2017
10627

ОАВ АҚШнинг 13 млрд долларлик авиаташувчисига қўниш муаммолари ҳақида бонг урмоқда

Америка Қўшма Штатларининг энг қиммат USS Gerald R. Ford авиаташувчи кемасига жанговар самолётлар қўниши ва ундан ҳавога кўтарилишига доир муаммолар ҳақида Bloomberg агентлиги ёзмоқда. 

АҚШнинг USS Gerald R. Ford авианосеци (Фото: Ridge Leoni / U.S. Navy / AP)

АҚШнинг энг янги ва энг қиммат USS Gerald R. Ford (қиймати — 12,9 млрд доллар) авиаташувчи кемаси 31 май куни ҳарбий-денгиз флотига топширилганига қарамай, «асосий нарсаларда муаммолар»га дуч келяпти, деб ёзмоқда Bloomberg агентлиги. Уларнинг орасида кема палубасида қирувчи самолётларнинг ҳавога кўтарилиши ва қўниши билан боғлиқ муаммоларнинг борлигидир. 

Ҳарбий-денгиз флотининг Bloomberg ихтиёрига тушган ҳужжатларида қайд этилишича, аэрофинишер (самолёт қўнаётганда қабул қилиш тизими) 301 млн доллардан 961 млн долларгача қимматлашган. Авиаташувчи бортидан F/A-18 қирувчи-бомбардимончи самолётлари тўлиқ юкланган ҳолатда ҳавога кўтарила олмаётгани айтилади. 

«Икки муаммо Ford таснифидаги учта кема қуриш харажатлари ва техник нуқсонларига тегишлидир. 3та кема нархи 42 млрд доллар бўлиши Конгресснинг диққат-эътиборида турибди», — деб ёзади Bloobmerg. 

USS Gerald R. Ford — ушбу авиаташувчилар сериясининг биринчи кемасидир. 2015 йилдан иккинчи авиаташувчи — John F. Kennedy қурилмоқда. 2018 йилда учинчиси Enterprise бўйича қуриш ишлари бошланади.
 
Янги авлод Gerald R. Ford авиаташувчиси 2009 йилда қурилиши бошланган эди. У 2014 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланганди, бироқ бир неча бор бу иш ортга сурилди. Сўнгги маротаба 2016 йили жанговар тайёргарлик бўйича барча синовлардан ўта олмагани сабабли ортга сурилган эди. 

Top