01:18 / 16.06.2017
46045

Ўзбекистон Президенти: "Оқни – оқ, қорани – қора, дейдиган вақт келди!"

Бугунги кунда ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барча учун энг асосий масала бўлиб турибди. Президент Шавкат Мирзиёев 15 июнь кунги видеоселектор йиғилишида бу борада диний уламоларга мурожаат қилди. 

"Биз кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқяпмиз. Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб бошқа кўчаларга кириб кетаёган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Яъни, ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди!

Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз, бунинг шукронасини қилиб, фарзандларимизни ҳам бундай неъматнинг қадрига етадиган инсонлар этиб тарбиялашимиз керак эмасми? 

Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф. Шунинг учун соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилишни аввало кимдан сўраймиз? Сиз, азизлардан сўраймиз. Шу борада барчамиз кимдан ибрат оламиз? Сиз, азизлардан. 

Шунинг учун ҳам сизларнинг катта билимингиз, обрў-эътиборингизни инобатга олиб, мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг. 

Агар маҳаллангизда бирорта бола зарарли диний оқимга кириб қолган бўлса, уни нотўғри йўлдан қайтаришга ҳаракат қилинг.

Аввало, улар билан гаплашиб, бу – ота-боболаринг йўли эмас, бу йўлдан қайт, ҳақиқат мана бу ёқда, тинчлик ва эзгулик йўлидан бориб, ҳеч ким кам бўлмаган, деб уларни соғлом эътиқодга ишонтириш керак. Билим билан, ақл ва маърифат, намунали ишлар билан ишонтириш керак. Тарихдан, бугунги ҳаётимиздан олинган ҳаётий, таъсирчан мисоллар билан инонтириш керак. 

Бундай тарғибот, бундай ташвиқот сизларнинг қўлингиздан албатта келади", - дея таъкидлади давлат раҳбари. 

"Йўлдан адашган болани дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билишимиз керак. Унга бутун қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни шу бола билсин. Зора, шунда уларнинг ҳам қалб кўзи очилса, тўғри йўлга қадам қўйса", - дея давом этди Президент. - Бир боланинг йўлдан адашиши – бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак. Биз эса, афсуски, улардан ўзимизни олиб қочамиз. Тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз, у фалончининг акаси ёки ўғли, деб уларнинг нафратини баттар авж олдирамиз, айбсиз одамларни ашаддий душман қиламиз. Натижада нима бўлади? Кулфат камайиш ўрнига кўпаяди. Бошқа оилалар ҳаётига ҳам кириб боради. Бугун шу масалани кўндаланг қўядиган вақт келди". 

"Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Олижаноб кишилар узрни қабул қилур”, деб таъкидлаган эканлар. Халқимиз – мард ва олижаноб халқ. Ким чин дилдан узр сўраса, тавба қилса, албатта гуноҳидан кечади. Шунинг учун ҳозирги кунда қанча адашганларни кечириб, тўғри йўлга соляпмиз. Бирини ўқишга, бирини ишга, бирини касбга қайтаряпмиз. 

Минг афсуски, зарарли диний оқимга кирган болани "Бу – қўшнининг боласи, бошқа қишлоқ ёки туманнинг боласи", деб лоқайд бўлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Кимдир четга чиқиб, экстремистларга қўшилиб юрган бўлса, баъзи раҳбарлар, у Фарғонадан эмас, Андижондан, Қашқадарёдан эмас, Самарқанддан, деб бепарво бўлмоқда. Лекин у Ўзбекистон фарзанди, Ўзбекистон фуқароси-ку!", - деди Ш.Мирзиёев.

Шу ўринда бир фикр алоҳида таъкидлаб ўтилди: "Ўзбекистонда давлат давлатчилигини қилади, қонун устувор бўлади. Худога шукур, давлат раҳбари сифатида буни таъминлашга менинг кучим ҳам, билимим ва салоҳиятим ҳам албатта етади. Бу ҳақиқатни ҳеч ким, ҳеч қачон эсидан чиқармасин!

Халқимизда “Икки кеманинг бошини тутган ғарқ бўлади”, деган мақол бор. Қайси раҳбар, қайси имом-хатиб у томонга ҳам, бу томонга ҳам ёқаман, деб иш кўрмоқчи бўлса, қаттиқ адашади. Бизга бундай иккиюзламачи, мунофиқ одамлар мутлақо керак эмас.

Мусулмончилик ҳар биримизнинг юрагимизда, виждонимизда бўлиши лозим. Инсон имон-эътиқодли бўлса, юртига содиқ бўлиб хизмат қилса, у ҳақиқий ватанпарвар бўлади. 

Агар у эътиқодсиз бўлиб, чаласавод бўлиб, хиёнат қилиб, боя айтганимдек, икки томон билан ҳам “ўйин” қиламан, бу давлат кетса, анавилар келиб қолса, улар билан ҳам тил топишаман, деб найранг қиладиган бўлса, билиб қўйинглар, бундай “номер”лар бизга ўтмайди.

Албатта, ашаддий террорчи ва экстремистлар ўз йўлидан қайтмайди. Уларнинг мияси, бутун ҳужайраси заҳарланиб, қўли қонга ботиб бўлган. Уларга гап уқтириб, инсофга чақиришнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. 

Шунинг учун ҳам ҳар қайси маҳалла, ҳар бир туман ва вилоят ўз ҳудудидан чиққан, чет элларда террорчи гуруҳлар сафида юрган ашаддий экстремистларни Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариш ҳақида Ўзбекистон Президентига таклиф киритиши зарур. 

Бу масалани аввало чуқур ўрганиш керак, айби исботланган тақдирда мен уларни Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилишга тайёрман. Оқни – оқ, қорани – қора, дейдиган вақт келди! Бизга бундай нонкўрлар керак эмас!", - дея таъкидлади Мирзиёев.

Айни вақтда бу масала бўйича жойлардаги ижро органлари, ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам ўз муносабатини ўзгартириши лозимлиги қайд этилди.

"Адашганлар ҳақида гапирганда, жамоатчилигимиз, имом-хатибларимиз, керак бўлса, туман ҳокимига бориб, "Бу йигитга иш беринг, уй беринг, у ўзи асли ёмон одам эмас экан, кимнингдир ноинсофлиги, адолатсизлиги туфайли шу кўйга тушибди", деб айтишдан қўрқмасин.

Бугунги йиғилишда иштирок этаётган ва вилоятларда ўтирган барча раҳбарлар ҳам бу гаплардан албатта хулоса чиқариши керак. 

Бугун қанча ёшлар сохта алдовларга учиб, ўз умрини хазон қилаётганини ўйлаб, тўғриси, тунлари ухламасдан чиқаман. Ўзингиз айтинг, азиз биродарлар, бу аччиқ ҳақиқат юрагимизга ханжар бўлиб санчилиши керак эмасми? 

Ахир, кечагина шу ёшлар, ўзимизнинг қоракўзлар, биримизнинг маҳалладошимиз, биримизнинг ўғлимиз, биримизнинг қизимиз ёки жиянимиз эди-ку! Улар қачон адашди, қачон нотўғри йўлга кириб кетди?

Биз нега ғафлатда қолдик? Қачон, қаерда хатога йўл қўйдик? Фарзандларимиз қачон бегоналарнинг қўлига ўтиб кетди? Нима жин урдию улар ўз ота-онаси, ўз юртининг душманига айланиб қолди?

Бугун бу мудҳиш бало-қазонинг олдини олмасак, бор кучимизни шунга сафарбар этмасак, эртага кеч бўлади.

Юртимизда яшаётган, оиласини, фарзандларининг эртанги кунини ўйлайдиган ҳеч бир инсон, дин арбоблари, жамоатчилик вакиллари бу ҳаёт-мамот масаласидан четда турмаслиги керак.

Мана, ўзингиз кўряпсиз, Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливия каби давлатларда нима бўляпти? Яна қандай мисоллар керак ўзи? Бу фожиалар барчамизнинг кўзимизни очиши зарур эмасми?

Қуръони каримда айтилган “Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг”, деган ҳикматли сўзлардан ҳаммамиз хулоса чиқаришимиз лозим. Бизнинг бепарволигимиз, лоқайдлигимиз фақат фожиа келтиради. Болаларимиз, оиламиз, бутун юртимиз бошига фалокат келтиради. Айтинглар, ўзини инсон деб биладиган, виждони, имони бор ҳеч бир одам буни истайдими? Йўқ, албатта", - деди Ўзбекистон Президенти.

Top