12:13 / 19.06.2017
7295

Жанубий Таиландда портлаш юз берди, қурбонлар бор

Таиланд жанубидаги Паттани вилоятида қўлбола бомбанинг портлаши оқибатида беш нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, яна тўрт киши жароҳатланди. Бу ҳақда "Кхом Чат Лик" газетаси хабар берган.

Паттани вилоятининг Тхунг Янг Денг туманидаги йўллардан бирига жойлаштирилган бомбанинг портлаши маҳаллий вақт билан 11:45 (Тошкент вақти билан 9:45)да, йўлдан ҳарбийлар бўлган пикап ўтиб кетаётганида юз берган. 

Таиланд жанубида Малайзия билан чегарадош бўлган Паттани, Наративат ва Ялла вилоятлари жойлашган. Бу ерларда 2004 йилдан бери Таиланд хавфсизлик кучлари ва жангари-айирмачилар ўртасида қарама-қаршилик давом этмоқда. Жангарилар ўз минтақаси учун кенг мухторият ёки Таиланддан бутунлай ажралиб чиқишни талаб қилмоқда. Барча уч вилоят аввал Сиам (ҳозирги Таиланд) ва Британия Малайяси (ҳозирги Малайзия) ўртасида жойлашган Паттани Султонлиги давлати таркибига кирган. XX аср бошида султонлик инглиз-сиам келишувларига асосан буддавийлар яшовчи Сиам таркибига кирди ва учта вилоятга бўлиниб кетди. 2004 йилдан бери минтақадаги портлашлар, отишмалар натижасида 6,8 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди.

Top