17:02 / 20.06.2017
31185

Қоровулдан то оилали аёлгача: Бухорода қўшмачилар фаолиятига чек қўйилди

Бугун бизни изтиробга солаётган, жамиятимизга, ёшларимизнинг дунёқарашига том маънода заҳарли зарба бераётган иллатлар тобора илдиз отиб бормоқда. Уларнинг пайини қирқиш, жамиятда соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида мутассадди идоралар томонидан аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари қайсидир маънода бесамар ўтмоқда. Сабаби шундаки, таассуф, орамизда айш-ишрат, кайф-сафо, ичкиликбозликка муккасидан кетган, инсон қиёфасидаги беномуслар, ориятсизлар учраб турибди. 

Пул, бойлик, мол-дунё илинжида ор-номуси, ғурури, шаън ва қадр-қимматини бозорга солиб, бу инсоний сифатларни шаҳвоний мақсадларда арзон чақага сотаётган, ҳалол ва ҳаромнинг фарқини мутлақо унутган қўшмачилар сони ортиб бормоқда. Улар ўзларининг яшаш хонадонларини пинҳона учрашувлар ва кўнгилхушликлар учун қулай бўлган «ишқ маскани»га айлантирганлар. Ҳатто, ишқий муносабатлар авж олган гўшада улғаяётган фарзандларининг кўз олдида тассаввур этиб бўлмайдиган жирканч вазиятларни яратиб, арзимаган моддий манфаатни деб ёшгина болакай ёки қизалоқларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир этмоқдалар. 

Бундай дейишга асосимиз ҳам етарли. Бухоро вилояти ИИБ ходимларининг вилоят ҳудудида олиб борган тадбирлари давомида юқорида тилга олганимиз каби енгил-елпи ҳаётга ружуъ қўйган ўндан ортиқ «эр-хотинлар» айни хиёнат устида, фарзандлари, оилалари шаъни ва қадр-қимматини булғаган ҳолда зинога берилган вақтларида, уларга шароит яратиб бераётган қўшмачилар эса, ҳаромдан келган даромаддан чўнтагини қаппайтирган пайтнинг ўзида қўлга олинганлар. 

Бошқалардан сир сақлаган, пинҳона муҳаббатига сазовор бўлган бекаси билан қоровулхонада кўнгилхушлик қилишни жоиз деб билган Миршод Комилов кўнгил майлига қарши бормаганлардан. У ҳали бўйдоқ бўлишига қарамай, оилали хонимга ишқи тушиб қолди. Кўча-куйда кўрганида нималарнидир баҳона қилиб, бир-икки бор ҳамсуҳбат бўлганида сездики, Роҳат Манглиева ҳам гулдай фарзанди бўла туриб унга бефарқ эмас. Хуллас, Жондор шаҳридаги туман ДСЭНМ қоровулхонаси улар учун хилват гўшага айланди. Бунинг учун Файзулло Оқматов исмли қоровулга 10 000 сўм кифоя қилди. Аммо ўша оқшом бир-бирининг висолига ташна «ошиқ-маъшуқ»ни бирозгина безовта қилишга тўғри келди. Уят зўридан қўллари билан юзини беркитиб олган келинчакнинг аҳволидан фақат нафратланасан киши.

Жондор туманида қоровуллар қўшмачиликда ким ўзарга бир-бири билан баҳс бойлашган шекилли, Ниёз Ҳожи ҚФЙ ҳудудидаги “Али Ноз Плюс” МЧЖ қоровули Умед Давронов ушбу МЧЖнинг қоровулхонасини атиги 5 000 сўм эвазига “севишганлар”га бўшатиб берди. Ислом Султонов Когон шаҳрида Комила Файзиева билан танишиб у билан кўнгилхушлик қилиш учун Жондоргача бўлган масофани “висол илинжида” назар-писанд қилмади. Аммо уларнинг “висол кечаси”га ички ишлар идоралари ходимлари хотима ясадилар. Қоровул амаки эса арзимаган пул учун жавобгарликка тортилиб, ўзи ишлаб турган ишхонадан юзи шувут ҳолда ҳайдалди. 

Шариф шаҳримиз Бухоро азалдан ўзининг қадимий ва мўътабар қадамжолари, қолаверса, иймонли, меҳмондўст халқи билан жаҳон аҳлини лол қолдирган. Фирдавсмонанд шаҳримизга ташриф буюрган қайсики инсон бўлмасин, бу ердан буюк таассурот ва хушнудлик билан қайтган. Лекин айрим фуқароларимиз орасида “номи қурғур” пул ва бойликни деб чет эл фуқароларига ҳам ўзларининг хилват гўшаларини таклиф қилиб, “меҳмон”нинг кўнгилини хушлаш мақсадида фоҳиша қизларни қаторасига ҳозирлайдиган беномус ва беор сатангларнинг учраганлиги асло кечирилмайди.       

Uzbekistan-China joint venture қўшма корхонасига қарашли BUХARA-BOODIN меҳмонхонаси иш юритувчиси Бобир Саломов ўзига олдиндан таниш бўлган, ахлоқсиз ва фоҳиша қизларнинг «онаси» бўлмиш Насиба Рустамова билан ўзаро келишиб, “Қандим” заводида фаолият юритиб келаётган Жанубий Корея давлати фуқаролари Хванг Бёнг Ён, Ким Ёнг Те, Ким Ёнг Суп ва Ким Сун Гё исмли хорижий “куёв”ларга “ҳожатбарорлик” қилиб, уларни бир гуруҳ фоҳиша қизлар - Нордона Нурова, Мунира Носирова, Махсат Ширинова ҳамда Ферангиз Турсуновалар билан кўнгилхушлик қилишлари учун ушбу меҳмонхонада шароит яратиб бериб, қўшмачилик қилганликлари аниқланди. Фоҳишахона ташкил қилиб корейс “амаки”лардан беномус қизлар савдоси учун 640 000 сўмни қуртдай санаб олаётган вақтларида қўлга олинган қўшмачилар қонун олдида жавоб беришлари тайин.

Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчаси 3/2-уй, 87-хонада яшовчи Саодат Нуриддинова ҳамда Мирдўстим кўчаси 9-уйда яшовчи Ўткир Набиевлар ҳам қўшмачиликдек жирканч ишни ўзлари учун касб қилиб, бу номақбул фаолиятдан уялмай, ўз уйларини фоҳишахонага айлантириб, ҳаром луқманинг ортидан кун кечириб келаётганлардан.

Бу иккала ориятсиз ҳамтовоқлар Эрон Ислом Республикасида фаолият юритувчи “Дашновард” ширкати ҳайдовчилари, Эрон Ислом Республикаси фуқаролари Қара Кўл Али Наврўз, Шафекаранжик Абдулназсир ва Чаукан Реза Ёқуб исмли шахсларга 232 000 сўм пуллар эвазига ўз уйларидан “гўшанга” ажратиб, уларнинг ҳар бирига “шакаргуфторлик” қилишлари учун Азиза Ядгарова, Гулшан Хўжақулова ҳамда Фарида Шарапова исмли жувонларни тортиқ қиладилар.

Энг ачинарлиси, ҳар бирининг ўз оиласи бўла туриб, турмуш ўртоғига хиёнат қилишдан ҳам тап тортмаган бу жувонлар наҳотки ҳаромдан келган пул илинжида баданини сотса, оиласи юзига оёқ босиб, соқоли оқарган нотаниш кимса билан бир тўшакка ётишга рози бўлса?! 

Ички ишлар идоралари ходимлари тадбирлар давомида Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчаси 9/1-уй, 40-хонада ҳам шундай хунук “манзара”нинг гувоҳи бўлишди. Хонадон соҳибаси Юлия Муратова муқаддам содир этган қўшмачилик жиноятлари учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 131-моддаси билан судланганлигидан ўзига тегишли хулоса чиқармай, «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» қабилида иш тутди. Ҳусниддин Қамбаров ва унинг “кўнгил соҳибаси”  Шарофат Шароповалар учун 50 000 сўм пул эвазига ўз уйида “чимилдиқ” тайёрлаб, “офтобада сув иситган” бу аёл яна бир маротаба жавобгарликка тортиладиган бўлди.

Ғиждувон тумани “Маиший хизмат” касб ҳунар коллежининг 3-босқич талабаси Шариф Негмуродов ҳали “оғзидан она сути анқиб турса” ҳамки кўнгил хушлашни ихтиёр этади. Самарқанд вилоятидан Бухорога келиб ўз номусини сотиб юрган, 19 ёшни эндигина қаршилаган Ситора Рўзиқулова Шарифжонни ҳар доимгидек борар манзили, яъни А.Ғиждувоний кўчаси 27/2-уйда қўшмачилик билан шуғулланадиган опаси Гулмира Ядгарованинг уйига етаклаб боради. Ёшгина жуфтликни қарши олган опахон Шарифжондан 30 000 сўм пулни олгандан сўнг уларга юмшоққина жой ҳозирлайди. Ички ишлар идоралари ходимларининг ушбу хонадонга ташрифи эса, бир-бирига муштоқ бўлган мурғак қалбларни бироз безовта қилди.     

Албатта, юқоридаги ҳар бир ҳолатга нисбатан қонуний баҳо берилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Эндиликда «севишган» жуфтликлар билан бирга уларнинг пинҳона учрашувларига хайриҳоҳлик билдирган қўшмачилар ҳам қилмишларига яраша жавобгарликка тортилишлари тайин. Бироқ уларга қонуний жазо бериш билан жамиятимизда учраб тураётган бундай салбий иллатларга, улар туфайли юзага келаётган муаммоларга ечим топиш мушкул. 

Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўз виждонига ҳавола. Зеро, бугунги кун, ҳар бир фурсат, бепарво қўл силтаб, ўз юмушини бамайлихотир бажариб юраверадиган лоқайд инсонларни аяб ўтирмайди.

Бахтиёр Рахматов, капитан
Бухоро вилояти ИИБ

Top