14:46 / 20.06.2017
14546

Роналду «МЮ»га келмаслигига сабаблар

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти «Реал»дан Криштиану Роналду трансфери амалга оширилишига шубҳа билдирмоқда.

Daily Express маълумотига кўра, манкунианликлар португалиялик бу 32 ёшли футболчи учун Мадрид жамоаси талаб қиладиган 200 млн еврони жуда кўп деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари, футболчига йилига 22 млн евро миқдорида маош тайинлаш керак бўлади.

Шунингдек, ушбу трансфер амалга ошишига Жозе Моуриньо ва футболчи ўртасидаги муносабатлар тўсиқ бўлиши мумкин. Португалиялик мутахассис «Реал»даги охирги мавсумида кўплаб футболчилар билан, жумладан Роналду билан ҳам зиддиятга борганди. Мураббийнинг бир фикри машҳур: «Мен ҳақиқий Роналдони шуғуллантирганман, ҳозиргисини эмас».

Daily Star хабарига кўра, Моуриньо Роналдунинг ўз жамоасига келишига қарши бўлмоқда. У ҳозирги вазиятда футболчи ўз шартномасини яхшилаш учунгина «МЮ»дан фойдаланмоқда, деган фикрда.

ESPN колумнисти, испан футболи ҳақидаги китоб муаллифи Грэм Ҳантегнинг ҳикоя қилишича, Роналду Моуриньо бош мураббий бўлганида ҳам Мадрид жамоасидан кетиб, Манчестерга қайтиш истагини билдирганди.

«Солиқлар бўйича можаролардан анча вақт олдин, «Реал»да ёрқин ўйинлар кўрсатаётган Криштиану Роналду «МЮ»даги собиқ жамоадошларига Мадриддаги ҳаётидан шикоят қилганди.

У Мадрид клубида бир неча марта шундай ҳолатга тушган. Айниқса, Моуриньо бош мураббий бўлганида. Ўшанда Криштиану «МЮ» раҳбарияти вакили Альберт Морганга қўнғироқ қилган ва «Реал»даги ҳолати «МЮ»даги билан солиштирганда, бир неча баравар ёмон эканини айтган.

Аммо Зидан келиши ва унинг клуб билан қозонган мувафаққиятлари вазиятни енгиллаштирганди», – дея ёзган Ҳантер.

Роналдунинг «Реал»даги келажаги савол остида қолган. У Испания прокуратураси томонидан 2011-13 йиллар давомида жами 14,7 млн евро миқдоридаги маошни яширганликда айбланмоқда. Матбуотда футболчи бу пулларни 2010 йили ўзи асос солган хайрия компанияси орқали яширгани ҳақида ёзилмоқда. Роналду ўз имиж ҳуқуқи орқали топилган пулларни декларация қилмагани айтилган. У Испания ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 4та жиноятда айбланган ва 5 йиллик қамоқ таҳдиди остида қолган.

Айни вақтда Россияда Португалия терма жамоаси билан Конфедерациялар кубогида иштирок этаётган футболчи терма жамоадаги шерикларига «Реал»дан кетишга аҳд қилгани ҳақида гапирган.

Top