14:38 / 23.06.2017
6805

Назарбоев Қозоғистон телеканалларини қўшни мамлакатларда ҳам эфирга узатишни таклиф қилди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев республика давлат телеканалларини қўшни мамлакатларда ҳам эфирга узатиш имкониятини ўрганиб чиқишни таклиф қилди. У жума куни, Остонадаги қозоқлар V-Бутунжаҳон қурултойида чиқиш қилиб, шундай ташаббусни илгари сурган.

"Биздан узоқ бўлган ҳамюртларимиз Қозоғистон ҳақида маълумотни доимий тарзда олишни, ватани билан алоқада бўлишни истайди. Бугун Kazakh TV телеканали эфирга чиқмоқда, у бизнинг ҳамюртларимиз яшовчи кўплаб минтақаларни қамраб олади. Бироқ, бу етарли эмас. Ҳукуматга давлат телеканаллари эфирини қўшни мамлакатларга ҳам узатиш имкониятини кўриб чиқиш вазифасини топшираман", - деди Назарбоев.

Қурултойда 750 делегат ва меҳмон, жумладан, яқин ҳамда узоқ хорижнинг 39 давлатидан келган 350 киши иштирок этмоқда. Улар орасида ижодкорлар ва илм-фан намоёндалари, спорт, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ОАВ бор. 1992 йилдан бери ўтказиб келинувчи қурултой дунёнинг турли бурчакларида яшовчи этник қозоқлар учрашуви ва мулоқоти майдончасига айланган.

Top