15:09 / 23.06.2017
15224

Таълимни замон янгиланишларига мувофиқ ислоҳ қилиб бориш лозим

Ўз келажаги ва тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир халқ таълим тизимига шунчаки ўткинчи маънавий қадрият сифатида қарамайди. Кўпгина давлатлар тарихида давлат таълим тизимини ташкил қилиш ва ривожлантиришга қанчалик катта аҳамият қаратганлигининг ўзи ҳам фикримизнинг ёрқин далили бўла олади. Барча ривожланган давлатларда ҳукумат таълим тизимини ҳамиша жиддий назорат остига олган бўлиб, уни узлуксиз равишда жамият ва замон талабларига қараб ўзгариш ва янгиланишларга мувофиқ ислоҳ қилиб борган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги Учтепа туманига ташриф буюриши ва ушбу сафар чоғида таълим тизимидаги ишларга баҳо бериши, жумладан, 11 йиллик тизимни қайта тиклаш борасида билдирган фикри жамият томонидан илиқ кутиб олинди, ўтказилган тадқиқотлар ва илмий хулосалар бўйича 11 йиллик таълим тизимини вилоятларда ҳам шу йилнинг ўзида жорий этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бўлаётган воқеалар бўйича интернет Kun.uz сайтида “Йўқотилган авлод ёхуд 11 йиллик таълим тизими атрофида кечган ўйлар”, “Акс-садо: “Коллежларда ўқиган авлод йўқотилди”, дейиш кўр-кўрона ҳукм қилишдир” номли мақолалар чоп этилди.

Илмий тадқиқотларга кўра, биз бугунги кунда замон талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлашимиз учун таълимнинг мазмунан янги шаклига ўтдик. Кўпгина ривожланган давлатлар, хусусан, Япония, Малайзия, Сингапур, Жанубий Корея давлатлари ривожланишида таълим тизимида мутлақо янгича ёндашув ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Бугунги кундаги ривожланиш бизнинг ҳам олдимизга ушбу давлатлар сингари бозорда талаб катта бўлган соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш масаласини қўймоқда. Ҳозирги даврда жаҳон бозорида шундай касб ва ҳунарлар вужудга келганки, уларнинг аксарияти университет ва коллежларда эмас, балки оддий ўқув марказларида 3 ёки 1 йилда эмас, жуда қисқа вақт ичида тайёрланмоқда. Бунга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Масалан, Сингапурда ҳам таълим иқтисодий тараққиётнинг биринчи галдаги вазифаси сифатида қаралган. Таълим соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар америкача таълим модели билан ўзаро алоқага киришиш йўли орқали ҳал этилди. Гарчи мазкур тизим пуллик бўлса ҳам (Ўзбекистонда мактаб таълими бепул) сингапурликлар нафақат 10 йиллик мактаб таълими, балки малака оширишга қаратилган ишлаб чиқаришга тайёрловчи турли курсларга ҳам алоҳида аҳамият бера бошладилар. Сингапурнинг политехника мактаблари ва коллежларида техника соҳасига оид билимлардан ташқари графика ва дизайн асослари ҳамда архитектурага оид фанлар ҳам ўқитиб борилган. Таълим ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, асосий эътибор амалиётга қаратилган. Ўқувчи ёшлар ва ҳунар ўрганувчи мутахассислар ўзларининг асосий вақтини амалий ёки ишлаб чиқариш жойларида ўтказар эдилар. Бундан ташқари, малакали педагоглар назорати остида олиб бориладиган қўшимча лабаратория ва семинар машғулотлари фуқароларга сифатли билим олиш, шунингдек, муассасани тугатгандан сўнг назарий билимларини амалиётда эркин қўллай билиш имконини беради. Шунингдек, ОТМларда маърузалар қилиш учун турли соҳаларнинг етук мутахассислари, жумладан, муҳандислар, менежерлар, адвокатлар ва бошқаларни таклиф қилиш бўйича ҳукумат томонидан қарор қабул қилинган. Бундай мутахассислар ўқув жараёнини назариётчидан кўра кўпроқ амалиётчига маълум бўлган билимлар билан бойитиб, уни янги сифат босқичига кўтириш учун хизмат қилар эдилар. Натижада ишлаб чиқаришга борган кечаги битирувчи иқтисодиётнинг “сифатлилик, ишонарлилик ва аниқлилик” тамойилларини меҳнат жараёнининг ўзидаёқ осонлик билан ўзлаштирар эди.

Шунингдек, Малайзияда ҳам кадрлай тайёрлаш мамлакатга кириб келган ҳорижий инвесторлар иштирокидаги компаниялардаги касблардан келиб чиққан. Малайзияга кириб келган хориж ва маҳаллий корхоналар янги технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш, шунингдек, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш устида тинимсиз бош қотирир эди. Компаниялар корхона ходимлари машғулотлари ўқитиладиган мактаб, махсус курслар, академиялар ташкил этишган.

Таълим японлар учун ҳали-ҳануз энг олий қадрият сифатида қадрланиб келинмоқда. Бир замонлар Японияда болаларни ўқимишли қилиш учун кундалик эҳтиёжларга сарфланадиган харажатларни тежаб, пул жамғариш анъанаси мавжуд бўлган. Японлар болаларига пул ва моддий бойликларни эмас, билимни мерос қилиб қолдиришга ҳаракат қилганлар, аниқроғи болаларга қолдирилиши керак бўлган пулни уларнинг замонавий таълим олишлари учун сарфлаб, шу асосда болаларига мустақил пул топа олиш имконини қолдирганлар. Бу эса уларга юксак ижтимоий мавқейни таъминлайдиган давлат лавозимларида фаолият кўрсатишларни кафолатлаган. Бугунги кунда Японияда жорий қилинган таълим тизими бутун жаҳонга ўрнак бўларли даражада  тараққий этган. Ҳудди юртимиздаги каби ўз ичига бошланғич ва ўрта таълимни қамраб олувчи мажбурий таълим йўлга қўйилган бўлиб, унда япониялик болаларнинг деярли 100 фоизи қамраб олинади. Уларнинг 96 фоизи эса 2-босқич мактаб таълимида таҳсил олишади. Иккинчи босқични тугатган болаларнинг 60 фоизи таълимни коллеж, институт ва касб-ҳунар билим юртларида давом эттиришади. 

Замонавий япон педагогикасида таълим тизими билан узвий уйғунлашган ахлоқий тарбия тамойили шаклланган. Ўрта асрлардаёқ мактабларда амалий этикага эътибор қаратила бошланган эди. Ушбу мактабларда хўжайинга, мансабдорларга, оиладаги муносабатда амалий бошқарув кишиси қандай бўлиши кераклиги ҳақида таҳсил берилар эди. Конфуцийлик ақидалари ва буддизм анъаналари таъсирида таълим тизимига нафақат билим олиш ва ҳунармандлик кўникмаларини ошириш воситаси, шунингдек, аҳлоқий ва маънавий баркамолликни шакллантириш ва шу асосида қатъий интизомлилик фазилатини юзага чиқариш воситаси сифатида қарала бошланди.

Президентимизнинг 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш зарурлиги бўйича берган таклифи бугунги кундаги кадрлар тайёрлашга қўйилаётган кечиктириб бўлмас масалалардан бири сифатида қўйилди, деб айтишга барча асослар бор. Бизнинг ёшларимиз ҳам жаҳон стандартларидан кам бўлмаган билимларни 11 йилда олишади ва ўша мактабда бир йўла ўз ҳудудидининг талабига кўра касб ёки ҳунар олади. Бир неча йилдан бери Жанубий Кореянинг KOICA агентлиги мамлакатимизда ёшларни техник йўналишларда касбга тайёрлаб келаётган эди. Яқинда бундай мактаблар барча вилоятларда очилиши эълон қилинди. Бугун мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвесторларнинг фаол кириб келаётганини ҳисобга олсак, келажакда улар ҳам ўз талабларидан келиб чиқиб маълум янги касб ва ҳунарга ихтисослашган мактаб ёки ўқув курсларини ташкил этишади. Натижада ёшларимиз, 1 йил вақтларини аниқ бир соҳа бўйича мутахассис бўлишга сарфлашади. 

Хулоса ўрнида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 11 йиллик мактаб таълим тизимини қайта тиклаш борасида билдирган фикри ва ҳукумат томонидан олиб борилаётган амалий ишлар аниқ асосларга эга эканлиги айтишимиз жоиз ва хориж давлатлар тажрибаси бунга яққол далилдир.

Тунис Хожиев, 
ЎзМУ таянч докторанти

 

Top