08:21 / 25.06.2017
7516

Буюк Британия 48 та давлат билан савдо муносабатларини яхшиламоқчи

AP Photo / Matt Dunham

Буюк Британия ҳукумати тахминан 48 та давлат, жумладан ночор ва ривожланаётган давлатлар билан уларга қулай савдо шароитларини таъминлаб савдо муносабатларини яхшиламоқчи. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукумати девонида маълум қилинди.

Буюк Британия ҳукумати тегишли мажбуриятларни зиммасига олиб, Brexit шароитида Европа Иттифоқи кирмайдиган давлатлар билан савдо муносабатларини мустаҳкамламоқчи.

"Бу мажбуриятлар Бангладешдан тортиб Сьерра-Леоне, Гаити ва Эфиопиягача дунёнинг 48 та давлати Буюк Британияга қурол ва ўқ-доридан ташқари, барча маҳсулотлар учун божсиз экспортдан фойдаланишни давом эттиришларини англатади", дейилди девонда.

Бундан ташқари, Буюк Британия ҳукумати Европа Иттифоқидан чиққач Ямайка, Покистон ва Гана каби ривожланаётган давлатлар билан савдо муносабатларини кенгайтириш вариантларини кўриб чиқмоқчи. 

Буюк Британия халқаро савдо вазири Лиам Фокснинг айтишича, Европа Иттифоқидан чиқиш Буюк Британияга "қолган дунёдан узоқлашмай, аксинча улар билан янги келишувлар тузиш имкониятини" беради. "Бизнинг бугунги баёнотимиз ривожланаётган давлатларга савдо ёрдамида улар иқтисодиётини ривожлантириш ва ночорликни енгишда кўмак беришга содиқлигимиздан дарак беради", деб айтди вазир. 

Буюк Британия ночор ва ривожланаётган давлатлардан ҳар йили 20 млрд фунт стерлинглик маҳсулот, жумладан тўқимачилик маҳсулотлари, қаҳва, чой, какао, банан ва гуллар импорт қилади. 

Top