09:08 / 25.06.2017
4854

Мўсулда содир этилган кучли портлаш оқибатида 12 киши ҳалок бўлди

Ироқнинг Мўсул шаҳрида террорчи-худкуш содир этган портлаш оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 20 дан кўпроқ одам яраланди. Бу ҳақда Ироқ ҳарбий шифокорларига иқтибос келтирган ҳолда "Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, портлаш Машаҳда даҳасида содир этилган. Худкуш ўзини шаҳарни тарк этмоқчи бўлган мўсулликлар орасида портлатган. "Худкуш одамлар ҳарбийларимиз ёнига етиб бора олмасликлари учун улар орасига кириб, портлашни содир этган", деб айтди Ироқ қуролли кучлари вакили. Шифокорлар маълумотларига кўра, қурбонлар орасида аёллар ва болалар бор.

Press TV телеканалининг маълум қилишича, Ироқ армияси мўсулликлар шаҳарни тарк эта олишлари мумкин бўлган бир нечта хавфсиз йўлак ташкиллаштиришга муваффақ бўлган. 

Аввалроқ ироқлик ҳарбийлар 200  дан камроқ жангари қолаётган Мўсул марказига ҳал қилувчи ҳужумни амалга оширишга тайёргарлик кўраётгани маълум қилинганди.

Top