22:28 / 27.06.2017
47514

“Мурожаатдан фойда йўқ, болалар майдончаси меники...”

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 30 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилган видеоселектор мажлисида кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, хусусан, ўғил-қизлар учун замонавий жиҳозланган болалар майдончаларини қуриш бўйича ҳудудлар раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Бу кўплаб шаҳарларда яшаётган фуқароларни қувонтирди.

Аммо баъзи мутасадди раҳбарлар мазкур амалий ишларга панжа ортидан қарамоқда. Гап шундаки, Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Авиасозлар-4 даҳасидаги, 41а-уйда истиқомат қилувчи фуқаролар Кун.uz сайтининг электрон почтасига уйларига бириктирилган болалар майдончаси ҳудуди ноқонуний равишда айрим масъул шахслар томонидан ўзлаштириб олинганидан азият чекаётганлигини, бу уйда вояга етаётган болалар бўш вақтларида ўз уйидан йироқда, назоратсиз ҳолда қолаётганидан шикоят қилиб мурожаат йўллашган. 

Ижодий гуруҳимиз мазкур масалани батафсилроқ ўрганиш учун Тошкент шаҳар  Яшнобод тумани, Авиасозлар-4 даҳасидаги, 41а-уйга йўл олдик.

Манзилга етиб келганимизда ҳақиқатан ҳам масала долзарб эканлигига гувоҳ бўлдик. Маълумот ўрнида айтиш керак-ки, бугун Яшнобод тумани, Авиасозлар-4 даҳасидаги, 41а-уй тўққиз қаватли бўлиб, 81 та хонадонда 100 нафардан ортиқ ўғил-қиз вояга етмоқда.

Бироқ бу уйга туташ ер майдони – илгари болалар майдончаси бўлган жойнинг тегишли қисми аҳоли розилигисиз бегона шахс – 34-уйбошиси, “Аҳил инсонлар” ширкати раҳбари, фуқаро Ф.Собирова томонидан ўзлаштирилиб, тўрт томондан темир панжара билан ўраб олинган. Ноқонуний эгалланган ер майдонини бўшатиш бўйича уй аҳолисининг фуқаро Ф.Собировага ҳамда мутасадди ташкилотларга йиллар давомида қилган мурожаатлари самара бермаган.

41а-уй аҳолиси томонидан уйга туташ ҳудудда болалар майдончаси қурилишида амалий ёрдам сўраб, бир неча йиллардан буён туман ҳокимлигига мурожаат этиб келинмоқда. Мурожаатга туман ҳокимлигидан берилган жавобларда масала ижобий ҳал қилиниши чоралари кўрилиши, болалар майдончаси 2016 йил режасига киритилганига оид жавоблар олинган. Бироқ 2017 йилнинг 5 ойи ўтса ҳамки, бирор бир амалий натижа бўлмаган.

Туман ҳокимлигига мурожаатлар натижа бермагач, жорий йилнинг 10 апрель куни ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига 25 нафар киши имзо қўйиб, мурожаат йўлланган. Мурожаат Халқ қабулхонасида 1-17/1624-рақами билан рўйхатга олинган. Хатга Тошкент шаҳар халқ қабулхонасидан 14.04.2017 йилда мурожаат мазмунан кўриб чиқиб, ҳал қилиниши учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Яшнобод туман ҳокимлиги ва ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмасига юборилгани ҳақида жавоб олинган.

Бироқ орадан бир ярим ой вақт ўтса-да, мурожаатнинг кўриб чиқиш натижаси юзасидан бирор-бир идорадан жавоб келмаган. Қонун бўйича мурожаат 15 кунда кўриб чиқилиши ва жавоб қайтарилиши лозим эди. Аммо бундай бўлиб чиқмаган. Охири одамлар 25 май куни Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига бориб, вазиятни аниқлаштиришга ҳаракат қилишган. Халқ қабулхонасида шу нарса маълум бўладики, мурожаат Яшнобод туман ҳокимлиги ва ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси томонидан аллақачон кўриб чиқилиб, Халқ қабулхонасига жавоб йўлланган экан.

Нимагадир жавоб хати Тошкент шаҳар халқ қабулхонасига йўлланган холос. Бу - мутасадди идораларнинг Ўзбекистон Президенти номига 25 нафар фуқаро имзо қўйиб юборган мурожаатига муносабатидан далолатдир!

Ва ниҳоят жорий йилнинг 10 май куни “темир панжарали тўсиқлар”ни олиб ташлашда ёрдам сўраб, Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси “Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси” раҳбарининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилинади. Мурожаат 13 майда кўриб чиқилиб, Ф.Собирова томонидан 255,00 кв.м. ер майдони темир панжара билан ноқонуний ўраб олингани тасдиғини топади ва Ф.Собировага уч кун ичида ерни бўшатиш ҳақида кўрсатма киритилиб, далолатнома расмийлаштирилади. Шунингдек, белгиланган тартибда 13.05.2017 йилда ташкилотнинг 12/368-сон хати Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги “Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 41-сон ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 2009 йил 4 мартдаги 115-сон қарорлари талабларига мувофиқ аниқланган ҳолат юзасидан чора кўриш учун Яшнобод тумани ҳокимлигига юборилади.

Шу ўринда савол туғилади: шаҳар шароитида “дом”лар орасида шундай ҳам кам бўлган (аниқроғи 600-700 кв.м атрофидаги) уйга туташ ҳудудларни фуқаролар ёки ширкатлар томонидан “ўзиники қилиб” ўраб олиш, бу майдонда қандайдир биноларни қуриш лойиҳаларини тайёрлаш қанчалик мантиқли? Одамларнинг унга муносабати, бу ҳолат шу жойда яшовчилар руҳиятига, ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатаётгани билан кимдир қизиқадими?

Фуқароларнинг такрор-такрор мурожаатлари ва қатъий талаби билан бу ҳудудга 26 май куни туман ҳокими ўринбосари Х.А.Ҳакимов шахсан “ташриф буюрган”ини қайд этиш лозим. Ҳоким ўринбосари “Оқ-булоқ” ширкати раҳбарига болалар майдончасини қуриш учун “Ипотека” банкидан кредит олиш йўлларини тушунтирган... Энг қизиғи “Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам”, деган нақлга амал қилишни севувчи жаноб ҳоким ўринбосари, ўз фарзандларининг тинчини ўйлаган аҳолини “Ёзувчи”га чиқаргани етмагандай, кўп қаватли уйнинг деразалари синиб пастга тушиб кетишию, бу болалар ҳаёти учун хавфли бўлиши каби ёки бошқа бир фавқулотда ҳолатларни ҳисобга олмай, аниқроғи, юртбошимиз бот-бот такрорлаганидек, узоқни кўра оладиган раҳбар бўлиб, тўғри тавсия бериш ўрнига, майдонча жиҳозларини кўп қаватли уйнинг тагида ўрнатиш мумкинлиги ҳақида ўзининг “холис” тавсиясини ҳам беради. Шунингдек, ўзлаштириб олинган жойда эса фуқаро Ф.Собирова таклиф этаётган лойиҳа туман ҳокимлиги аппарати йиғилишида кўриб чиқилиши, фуқароларнинг бу борада такрор-такрор мурожаат қилаверишидан фойда йўқлигини ҳам айтиб кетди.

Бугунги кунда 41а-уй бириктирилган “Оқ-булоқ” ширкати томонидан “Ипотека” банки туман филиали кредити ҳисобига болалар майдончаси жиҳозларини сотиб олиш бўйича тегишли шартнома имзоланган. Бироқ инвентарларни ўрнатиш лозим бўлган жой ҳамон муаммолигича қолмоқда.

Top