08:40 / 27.06.2017
7478

Samsung смартфонни симсиз қувватлаш қурилмасига айлантирувчи технологияга патент олди

Samsung компанияси смартфонни симсиз қувватлаш қурилмасига айлантиришга имкон берувчи технологияга патент олди. Бу ҳақда Digital Trends нашри хабар бермоқда. 

Тахмин қилинишича, янги технология Samsung ақлли соатларининг кейинги авлоди – Gear S4’да қўлланиши мумкин, чунки бугунги кунда барча тақиб юрилувчи қурилмаларнинг бош муаммоси уларнинг автоном ишлаши вақти озлиги ҳисобланади.

Патентга кўра, соатларни қувватлаш учун уни смартфон корпусига қўйиш кифоя қилади. Бу қурилманинг каттароқ аккумулятор қўлламаган ёки унумдорлигини камайтирмаган ҳолда автономлигини оширишга имкон беради.

Digital Trends’нинг таъкидлашича, технология ҳозирча билакка тақилган соатларни чўнтакда турган смартфондан қувватланишини таъминлашга қодир эмас, энергия узатилиши учун икки қурилма албатта бир-бирига тегиб туриши лозим. Бироқ Samsung’нинг бу технологияси ҳозирги босқичида ҳам ўз ёнида қувватлаш қурилмасини олиб юриш ва розеткаларни қидириш заруратидан халос этади.

Нашрнинг эслатишича, ҳамма патентлар ҳам ҳаётда татбиғини топиб кетавермайди, шу сабабли ушбу технология ҳам "қоғозда қолиб кетиши мумкин". Бироқ Samsung Gear S3 соатлари ҳозирдаёқ док-станция орқали симсиз қувватланишдан фойдаланаётган бир пайтда, аккумуляторни смартфонга тегиш орқали тўлдириш имконияти Gear S4 учун мантиқий ечим бўларди.

Top