13:40 / 30.06.2017
18497

Қорақалпоғистонда янги цемент заводи ишга туширилди

Фото: Kruz.uz

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида маҳаллий хомашёдан цемент ишлаб чиқарувчи “Karakalpak sement” корхонаси иш бошлади. Бу ҳақда Kruz.uz хабар бермоқда.

Умумий инвестиция қиймати 40 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида 17 миллион доллар миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилди. 200 дан зиёд аҳолининг доимий бандлиги таъминланди.

Корхонанинг умумий қуввати йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Корхона уч босқичда бунёд этилади. Биринчи босқич ниҳоясига етказилди, иккинчи босқич жорий йилнинг охирига қадар амалга оширилади. Ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ортади. Охирги босқич 2018 йилда якунланиб, қўшимча 700 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилади.

Дастлабки икки босқичда маҳсулот янги технология – вертикал печдан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилади. Учинчи босқичда янада унумдор бўлган айланма печли линия бунёд этилади. Маҳсулотни экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.

Top