09:28 / 01.07.2017
39013

Лионель Месси ва Антонелла Роккуццонинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди

Аргентинанинг йирик шаҳарларидан бири Росариодаги ҳашаматли меҳмонхоналардан бирида жаҳон футболи юлдузи, "Барселона" ҳужумчиси, 30 ёшли Лионель Мессининг 29 ёшли Антонелла Роккуццо билан никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Росарио Лионель ва Антонелланинг она шаҳри ҳисобланади. Улар ёшликларидан бир-бирлари билан танишлар ва гапларга қараганда, улар орасидаги ўзаро ҳис-туйғулар болаликларидаёқ бошланган. 

13 ёшли Месси "Барса"нинг ёшлар жамоаси ўйинчисига айлангандан сўнг, у Аргентинани тарқ этган. "Барса" Мессининг аввалги клуби, Аргентинанинг "Ньюэллс Олд Бойз" жамоасидан фарқли тарзда, Лионелнинг бўй ўсишдаги гормон етишмаслиги билан боғлиқ даволанишини тўлаб беришга рози бўлган. 

Бу орада Лео ва Антонелла бир-бирлари билан телефон орқали ва мактублар ёзиб алоқа қилиб турганлар. Кунларнинг бирида Роккуццонинг яқин дўстларидан бири йўл-транспорт ҳодисасига тушиб қолганда Месси уни қўллаб-қувватлаш учун Росариога келган. Кўп ўтмай икки ёш бир-бирлари билан учраша бошлашган. Бу эса 7 йилча аввал юз берган. 

Бу орада Лео ва Антонелла икки фарзанд кўришди. Жуфтликнинг ҳозирда 4 ёшли Тьяго ва бир ёшли Матео исмли ўғиллари бор. 

Никоҳга 250 га яқин меҳмон таклиф қилинди, улар орасида ёшларнинг қариндошлари, ёшликдаги дўстларидан ташқари, Леонинг клубдошлари – Неймар, Луис Суарес, Херард Пике рафиқаси – қўшиқчи Шакира билан, Карлес Пуйоль, Гонсало Игуаин ва Серхио Агуэро бўлди. Месси меҳмонларга унга ҳам, рафиқасига ҳам совғалар бермай, бунинг ўрнига унинг болаларга соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт борасида ёрдам берувчи хайрия жамғармасига пул киритишни таклиф қилди.

Келин испан дизайнери, Ева Лонгория ва Испания қироличаси Летиция учун либослар яратган Роза Клара тайёрлаган никоҳ кўйлагида бўлди. Такидланишича, келин либоси тўй ўтган меҳмонхонага икки қўриқчи ҳамроҳлигида етказилган.

Тўйни Уругвайнинг "Ромбаи" ва "Марама" гуруҳлари, Серхио Агуэронинг рафиқаси Карина ва Шакира қиздиришди.

Тўйдаги хавфсизликни таъминлашга 350 га яқин полициячи, шунингдек тўй ўтган меҳмонхонани қўриқлаш билан шуғулланувчи қўриқлаш фирмаси жалб қилинди. 

Биз эса ўз номимиздан ушбу жуфтликка оилавий бахт тилаб қоламиз.

Top