17:20 / 04.07.2017
27661

Кремль Путиннинг Трамп билан илк учрашуви санасига аниқлик киритди

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трамп билан 7 июль куни —  Ҳамбургдаги «Катта йигирматалик» саммитининг биринчи кунида учрашади. Бу ҳақда Россия раҳбари ёрдамчиси Юрий Ушаковга асосланган ҳолда РИА Новости хабар тарқатди.

«Аниқ бўлди, еттинчида [июль]», — деган Кремль вакили журналистларга. У музокаралар қандай форматда ўтишига аниқлик киритмади.

3 июль куни Ушаков икки давлат раҳбарлари учрашувда Украинадаги инқироз, Суриядаги вазиятни изга тушириш ва қуролланишни назорат қилиш масалаларини муҳокама қилиши ҳақида хабар берганди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков икки давлат раҳбари «оёқда» эмас, алоҳида тартибда ўтказилишини маълум қилди.

Бу Путин ва Трампнинг илк учрашуви бўлиши кутилмоқда. Улар шу йил бошидан буён 3 марта телефон орқали суҳбат ўтказишган.

G20 саммити Ҳамбургда 7—8 июль кунларида ўтказилади. Саммит доирасида Путин Франция, Мексика, ЖАР, Жанубий Корея ва Туркия президентлари, шунингдек, Япония бош вазири билан ҳам учрашади.

Top