11:35 / 04.07.2017
59141

Мурод Назаров: Иш ўрнини эмас, яхши ходимлар маошини кўпайтириш керак

Фото: Халқаро пресс-клуб

3 июль куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси "Ўзбекистонда ёшлар сиёсати: долзарб масалаларга замонавий ёндашув" мавзусига бағишланди. Тадбирга эксперт сифатида чақирилган тадбиркор Мурод Назаров ҳозирги кунда ёшларнинг ҳаётга, имкониятларга нисбатан муносабати ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистондаги энг етакчи қурилиш компаниясининг раҳбари ўз мақсадларига эришиш йўлида босиб ўтган йўлини сўзлаб берди. 

“Ҳаётим давомида шу нарсага амин бўлдимки, юзага келадиган муаммоларни фақатгина ўзим ҳал этишим керак. Инсон муаммони ечишга интилмаса, у ҳеч қачон тугамайди. Сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантиришга катта аҳамият берила бошланди. Янги ташаббус, ғоя билан чиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш учун махсус тизим жорий қилиш ва ёшларга халқнинг етакчи шахсларининг муваффақиятга эришишда босиб ўтган йўлларини намуна қилиб кўрсатиш лозим”, - деди тадбиркор.

Мурод Назаров ёшларга руҳ бағишлашда устозларнинг ҳам роли катта эканлигини алоҳида қайд этди. 

“Ҳар доим ўз вақтида менга йўл-йўриқ кўрсатган, яхши таълим берган устозларимни йўқлаб тураман. Улардан ҳамиша миннатдорман. Мен уларнинг қўллаб-қувватлаши билан шу даражага эришдим. Биз ҳам улар каби ёшларга қўлдан келганча ўз ёрдамимизни аямаслигимиз зарур”, -  дея қўшимча қилди у. 

Тадбир давомида ёшларга ажратилаётган янги иш ўринлари ҳам муҳокама қилинди. Мурод Назаров бу ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини айтиб ўтди.

“Баъзан ташкилотимизга ҳокимиятдан чиқиб, шундай савол билан мурожаат қилишади: Қанча иш жойи яратасиз? Тўғриси, мен бу саволга куламан. Сабаби, мен жуда кўп иш ўрни яратишим керак, деб ҳисобламайман. Даставвал, ҳар бир ходим устида ишлаб, уларга имконият яратиб, уларнинг маошини ошириш керак. Бир ходим яхши тажриба эга бўлиб, ривожлангандан сўнг, яна 10 кишини ортидан эргаштира олиши мумкин. Ишчилар сонини ҳаддан зиёд кўпаштиришнинг нима кераги бор? Менинг қурилиш компаниямдаги ходимлар сони 100 нафарга етмайди. Бироқ бизнинг корхона бошқа пудратчиларнинг ишлаши ҳисобига 3000 нафарга яқин кишини ишга жалб этади. Кўп иш ўрнини яратиш сифатсиз, бесамар ишлашга олиб келиши мумкин. Мамлакатимизда иқтисодиёт ривожлангани сайин иш жойи ҳам ўз-ўзидан кўпаяверади ва ҳар бир ёш ўз ўрнини топади”, деди у.

Top