22:50 / 07.07.2017
147773

Марказий банк валютани тартибга солиш борасида расмий баёнот берди

7 июль куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган "Сенат олти ойда: сарҳисоб ва таҳлил" мавзуидаги очиқ мулоқотда сенаторлар, кўплаб соҳа матахассислари, экспертлар биринчи ярим йиллик бўйича ҳисобот беришди ва журналистлар ҳамда аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди. Тадбирда қатнашган "Кун.уз" мухбири шу ҳақида хабар берди. 

Марказий банк департамент директор ўринбосари Бобур Абубакиров валютани тартибга солиш, унинг эркин курси ҳақида қуйидагиларни маълум қилди. 

"Валютани тартибга солиш, валютанинг эркин курси ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳаммангизга маълум, жорий йилнинг 7 февралида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси тўғрисидаги фармон билан тасдиқланган давлат дастурининг 119-бандига асосан, валютани тартибга солиш, валюта курси илғор бозор механизмларини жорий қилиш топшириғи берилган. 

Ҳозирги кунда бу масала бўйича Марказий банк, ҳукумат ва давлатнинг иқтисодий блокидаги вазирлик ва идоралар билан тегишли тартибда ишлар амалга оширилмоқда, таҳлил қилинмоқда. Ўйлайманки, тез кунларда бу йўналишда яхши енгилликлар сезилади", - деди Б.Абубакиров.

Бу борада Марказий Банк департамент директор ўринбосари Азимов Зафар Абдумажидович ҳам сўзга чиқиб қуйидагиларни маълум қилди:

"Марказий банк бошқаруви томонидан, давлатимиз раҳбари томонидан банк тизими олдига қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида қайта молиялаштириш ставкасини 9 фоиздан йиллик 14 фоизга кўтариш бўйича қарор қабул қилди. Мазкур қарордан мақсад - мамлакатда инфляция даражаси ўсишининг олдини олиш, инфляцион хатарларни чеклаш,    истеъмол бозоридаги нархларнинг ўсиб боришини олдини олиш.

Марказий банк бошқаруви доимий равишда мамлакат истеъмол бозоридаги нархлар барқарорлигини кузатиб боради, таҳлил қилади. Агар ушбу таҳлил натижалари нархларнинг барқарорлигини кўрсатса ҳамда инфляцион хатарларнинг пасайганини кўрсатса, Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасини қайтадан кўриб чиқади ва уни пасайтиради. 

Валюта курсини шакллантиришнинг эркин бозор режимига ўтмоқчи эканмиз, қайта молиялаштириш ставкаси албатта ошиши керак эди, бу ҳам асосий заминлардан бири", - дейди Марказий банк вакили.

Модератор Шерзод Қудратхўжаев бунга қўшимча равишда кўп мамлакатлар бундай даврни бошдан кечирганини таъкидлаган ҳолатда, Ўзбекистоннинг ушбу синовлардан муносиб ўтишига умид билдирди.  "Бунинг учун иқтисодиётимиз салоҳияти, тадбиркорларимиз кучи ва аҳолимизнинг тушунчаси ҳам етарли", - деди у.

Top