10:40 / 09.07.2017
15048

Ўзбекистон ўсмирлари Афғонистон вакилларига ютқазди, бу асосий таркиб эмаслиги иддао қилинди

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё футбол ассоциациясининг CAFA U-15 Boys Tournament халқаро турнири ўз якунига етди.

ЎФФ матбуот хизмати берган хабарга кўра, турнир ғолиблиги учун кечган баҳсда Александр Мочинов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар термаси афғонистонлик тенгдошларига қарши беллашди. Голларга бой ўтган ўйинда Афғонистон ўсмирлар терма жамоаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ўзаро ўйинлар натижасига кўра, CAFA U-15 Boys Tournament ғолибига  айланди.

Ўзбекистонлик футболчилар кумуш медалларга сазовор бўлди. 

Мусобақанинг сўнгги кунидан ўрин олган ўйинлардан бирида мезбон Тожикистон ўсмирлар термаси Туркманистон U-15 футболчилари билан куч синашиб, 3:1 ҳисобида зафар қучди.

Ўзбекистонлик футболчи Бўронбек Мирзасалимов мусобақа давомида рақиблар дарвозасига жами 5та гол уриб, турнир тўпурарига айланди.

Ўзбекистон футбол федерацияси хабарида Тожикистондаги мусобақада Ўзбекистон ўсмирлар термасининг иккинчи жамоаси қатнашганини қайд этилган. Дилшод Нуралиев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-15 асосий терма жамоаси 13–17 июнь кунлари Хитойдаги халқаро мусобақада иштирок этиши туфайли мамлакат ўсмирлар термасининг иккинчи жамоаси ташкил қилинди. 

CAFA U-15 Boys Tournament халқаро турнирида ўзини яхши томондан кўрсата олган, ишончли ўйин намойиш қилган футболчилар Дилшод Нуралиев томонидан Ўзбекистон ўсмирлар термасининг асосий жамоасига таклиф қилиниши мумкин. 

CAFA U-15 Boys Tournament
Тожикистон, Душанбе
8 июль, шанба

Ўзбекистон U-15 – Афғонистон U-15 — 2:3
Голлар: Самир Самандари, 6 (1:0). Ҳусаин Норчаев, 39 (1:1). Аҳмад Тамим Мирзода, 48 (2:1). Сайес Афҳар Ҳусайни, 78 (3:1). Алибек Давронов, 83 (3:2).
Ўзбекистон U-15: Сарвар Йўлдошев (Анвар Назиров, 78), Фозилжон Пиримқулов (Жасурбек Қаҳҳоров, 63), Абдумутал Ражаббоев, Бектемир Абдуманнонов (Абдувоҳид Ғаниев, 80), Султонбек Некбоев, Жавоҳир Абдуалимов, Диёр Холматов (Абдужаббор Зуҳриддинов, 75), Бўронбек Мирзасалимов (Саидумархон Содиқов, 58), Даврон Алибеков, Икром Эркинов, Ҳусаин Норчаев.
Афғонистон U-15: Муҳаммад Шарифи Аминзода, Муҳаммад Амин Низоми, Абдулмунир Ҳазрати, Сажалд Али Ҳалили, Ғулом Яхё Хедри, Самир Самандари, Шерзод Файзуддин, Муҳаммад Харун Носири (Раҳим Ҳусайни, 90+2), Али Зоҳиди, Аҳмад Тамим Мирзода (Сайес Афҳар Ҳусайни, 61), Фардин Насери.
Огоҳлантиришлар: Аҳмад Тамим Мирзода (49), Фардин Насери (90+4), Муҳаммад Шарифи Аминзода (90+5).

Top