11:20 / 11.07.2017
5803

Вьетнам ва АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси 2000 йилдан буён 43,5 мартага ошди

Вьетнам социалистик республикаси (ВСР) ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги икки томонлама савдо айланмаси сўнгги 16 йилда 43,5 бараварга ўсди. ВСР Давлат божхона бошқармаси маълумотларига кўра, ушбу мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 2000 йилдаги 1,08 млрд доллардан 2016 йил якунига биноан 47,15 млрд долларга ошган. 

ТАСС агентлигининг ёзишича, Қўшма Штатлар сўнгги йилларда Вьетнам учун йирик экспорт бозори бўлиб қолмоқда ва йилига ўртача 28 фоизлик ўсишни намойиш этаяпти. 

Бунда Вьетнам Америка маҳсулотларини импорт қилувчи мамлакатлар рўйхатида 12-ўринда турибди. ВСР АҚШ қишлоқ хўжалиги, денгиз маҳсулотлари, мебель ва тўқимачилик, трикотаж буюмларини етказиб берса, АҚШдан озиқ-овқат маҳсулотлари, электроника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар харид қилади. 

Эслатиб ўтамиз, 1995 йилда ушбу икки мамлакат Вьетнам уруши сабабли узилган муносабатларни тиклаган эди. 

Ўтган давр мобайнида АҚШ ВСРнинг нафақат йирик савдо ҳамкорларидан брига айланди, балки Вьетнам иқтисодиётига сармоя киритаётган 5 давлатнинг бири бўлди. Қўшма Штатлар бу ерда умумий қиймати 10 млрд доллардан ортиқ бўлган 835та  инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Ўз навбатида, Вьетнам АҚШ ОЎЮларига талабаларини юбораётган мамлакатлар сафида етакчилардан бирига айланди ва 7 ўринни эгаллаб турибди. Ҳозирда, АҚШда таълим олаётган вьетнамликлар 21 мингдан ошади.

Top