19:06 / 12.07.2017
11387

Фарғона вилояти ҳокимлиги ёшлар учун классик концерт дастури уюштирди

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги концерт саройининг ёзги мойдони 9 июнь куни кўплаб фарғоналик санъат шинавандалари билан тўлди. Сабаби Акмал Тўраев иштирокидаги оркестр жамоаси ўзининг ажойиб концерт дастурини кўплаб томошабинларга тақдим этди.

Жузеппе Верди куйларининг жўшқинлиги ва завқи, Антонио Вивальди мусиқасининг улуғворлиги, Ботир Зокиров куйлаган қалбга қадрдон тароналар, Пётр Чайковский ижодидаги лирик оҳанглар ҳар қандай тингловчини ўзига ром этмай қолмайди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган концерт дастури “Фидойинг бўлгаймиз сени Ўзбекистон” шиори остида ўтказилди. Унда устоз санъаткорларнинг классик дурдонлари мусиқа шинавандаларига ҳавола этилди.

Синфоник камер оркестри ўз тақдирини санъат билан боғлаган йигит-қизлар жамоаси, деб аташ мумкин. Истиқлолнинг бебаҳо неъматларидан баҳра олиб камолга етаётган бу мусиқачилар иштирокидаги концертлар, мусиқий лойиҳалар мусиқа санъатини теран ва мукаммал англаш, унинг эзгу ғоясини навқирон авлод қалбига чуқур сингдиришдек эзгу ғояларга хизмат қилмоқда.

Ушбу концерт мусиқа санъатининг нақадар улкан маънавий қудратидан, Ўзбекистоннинг истеъдодларга бой эканидан сўзлади. Ранг-баранг мусиқий асарларга бой дастур фарғоналикларга ғоят манзур бўлди. Ёшларнинг мусиқага бўлган бундай интилиши уларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий намунасидир. 

Top