08:32 / 12.07.2017
5392

Ford, Nissan ва Mazda 2,7 миллион автомобилни чақириб олмоқда

Дунёга машҳур Ford, Nissan ва Mazda автомобилсозлик гигантлари умумий ҳисобда яна 2,7 млн автомобилни қайтариб олмоқда. Уларнинг барчаси Шимолий Америка бозорида сотилган ва Япониянинг Takata фирмаси ишлаб чиққан носоз хавфсизлик ёстиқчалари билан жиҳозланган. Бу ҳақда АҚШ шосселари ҳаракат хавфсизлиги Миллий бошқармаси хабарида маълум қилинган. 

Чақириб олинаётган автомобиллар 2005-2012 йиллар моделлари қаторига тегишлидир. Nissan компанияси ишлаб чиққан 515 минг Versa модели ва Mazda компаниясининг B сериясидаги пикапларидан 6 минг донасидаги хавфсизлик ёстиқчалари алмаштирилади. Қолган транспорт воситалари Ford коцерни томонидан ишлаб чиқарилган.

Бошқармада хавфсизлик ёстиқчаларидаги газни кучайтиргичнинг носозлиги ҳайдовчи ва йўловчиларни "хавфга қўяди". Takata носозликларни бепул алмаштириш мажбуриятини олади.

Маълумки, Япониянинг ушбу компанияси билан боғлиқ можаро 2014 йилда авж олди. АҚШ ҳукумати аниқлаганидек, Takata ишлаб чиққан хавфсизлик ёстиқчалари насосдаги нуқсон сабабли автоҳалокат чоғида жуда катта куч билан очилиши мумкин. Бунинг оқибатида автомобилда ўтирганларга металл ёки пластмасса парчаси учиши мумкин. Шундай ҳодисалар туфайли дунёда 17 киши ҳалок бўлган, 180дан ортиқ инсон жароҳат олган. Умумий ҳисобда, Takata хавфсизлик ёстиқчалари сабабли дунё бўйлаб 100 млндан ортиқ автомобиль чақириб олинган эди. 

Top